Педагоглар малакасини ошириш яхлит тизимини ташкил этишга доир муҳим вазифалар белгилаб олинди

17 сентябрь 2024 йил
image

Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бошчилигида мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия жараёнларини самарали ташкил этиш, мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимлари малакасини оширишнинг яхлит тизимини жорий этиш, Сингапур халқаро таълим ташкилоти (Marshall Cavendish Education) ўқув дастури асосида ўтказилган тренинг жараёнлари таҳлили ҳамда PISA 2025 халқаро баҳолаш дастурида иштирок этиш учун тайёргарлик ишларига бағишланган “Вазир соати” бўлиб ўтди.

Видеоконференция шаклида ташкил этилган тадбирда вазир ўринбосарлари, вазирлик масъуллари ҳамда ҳудудий бошқармалар бошлиқлари иштирок этди.

Вазир Ҳилола Умарова кун тартибидаги масалаларга атрофлича тўхталиб ўтар экан, 2024-2025 ўқув йили учун мактабгача таълим ташкилотларидаги гуруҳларни шакллантириш, болаларни қабул қилиш ҳамда таълим-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш чоралари ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди. Шунингдек, шаклланган йўлланмалар бўйича болаларни боғчаларга қабул қилиш жараёнларини изчил олиб бориш, болалар ёшига мос гуруҳларни тўлиқ шакллантириш бўйича масъулларга зарур топшириқлар берди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтказилган йиғилишда жорий йилнинг июнь-август ойларида Сингапурнинг халқаро таълим ташкилоти (Marshall Cavendish Education) ўқув дастури асосида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилган тренинг машғулотлари таҳлил этилди. Каскад усулида ўтказилган ушбу жараёнларда 98 109 нафар тренер тайёрланганлиги қайд этилиб, айрим ҳудудлар томонидан тренинг машғулотларини ташкил этиш ишларида йўл қўйилган камчиликлар кескин танқид қилинди.

Йиғилишда Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 21 июндаги “Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-231-сон қарорида белгиланган муҳим вазифалар ижросига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Хусусан, узлуксиз малака оширишни таъминлаш мақсадида мактабларда “Касбий ривожланиш соати”, таянч мактабларида эса, “Касбий ривожланиш куни” жорий этиш белгиланганлиги, лекин баъзи ҳудудлардаги бу борада қилинаётган ишлар талаб даражасида эмаслиги айтилди.

Қайд этилганидек, жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб узлуксиз касбий ривожлантириш тадбирларининг таянч мактаблар ва мактаблар кесимида сифатли ташкил этиш чоралари қатъий назоратга олинади. Ментор, етакчи ўқитувчилар ҳамда тегишли фан ўқитувчилари ўқув курсларига қабул қилиниши учун махсус электрон платформада рўйхатдан ўтказилади. Таянч мактаблар ва мактабларда КРК, КРС тадбирлари иштирокчилари давоматини назорат қилиш механизми ишлаб чиқилади.

Навбатдаги масала сифатида PISA 2025 халқаро баҳолаш дастурида иштирок этиш учун олиб борилаётган ишлар таҳлил этилди. Мазкур тадқиқот асосий синов жараёнларига тайёргарлик кўриш, синов материалларини халқаро талаблар асосида тайёрлаш, кодлаштириш (баҳолаш) жараёнларини ташкил этиш ҳамда тадқиқот маълумотларини халқаро ташкилотга тақдим этиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Шунингдек, PISA 2025 тадқиқотининг компьютерларда онлайн шаклда ўтказилишини инобатга олган ҳолда, мактаблардаги компьютер қурилмаларини ҳар томонлама тайёр ҳолатга келтириш, уларни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш бўйича зарур топшириқлар берилди.

Тадбир сўнггида вазирлик масъуллари ва ҳудудий бошқарма бошлиқларининг кун тартибидаги мавзуларга оид ҳисоботлари тингланди.

Шунингдек, йиғилишда вазирлик марказий аппарати ҳамда тизим ташкилотлари доирасида тайинланган масъул ходимлар таништириб ўтилди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu