2024-2025 ўқув йили олдидан eMaktab платформасида қатор янгиликлар ҳамда ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси педагогларнинг ишини соддалаштириш ҳамда тизимда шаффофликни оширишга қаратилган.
Янги ўқув йилида eMaktab тизимида қуйидаги янгиликлар кутилмоқда:
Журналда автоматик баҳолаш функцияси
Энди ўқитувчилар уй вазифаси ҳамда БСБ ва ЧСБ ни баҳолаш учун вақт сарфлашлари шарт эмас. Ўқувчиларнинг барчаси уй вазифасини бажариб бўлгач, “Журналга баҳо қўйиш” тугмасини босиш орқали бир вақтнинг ўзида тизимга баҳо қўйилади. Сўнгра баҳолар автоматик равишда журналда пайдо бўлади.
“Услубий ёрдам” бўлими
Мазкур бўлим ўқитувчиларни меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, йўриқномалар, ўқув материаллари, тақвим-мавзу режалар билан таништириш мақсадида яратилган. Жорий йилнинг 1 сентябр санасидан бошлаб ушбу бўлим барча ўқитувчилари учун очилади, бу ерда материаллардан бепул фойдаланиш ва уларни юклаб олиш мумкин. Шу тариқа платформада педагогларнинг ишини соддалаштириш учун зарур маълумотларнинг ягона базаси пайдо бўлади.
Онлайн тест синовлари
Тест топшириқлари форматидаги онлайн платформа ихтисослаштирилган таълим муассасаларига киришга тайёргарлик кўриш мақсадида яратилган. Тест топшириқлари Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигининг реал саволларига асосланади. Мазкур платформа орқали ўқувчилар ўз билимларини синаб кўриш имкониятига эга бўлишади. Платформадаги саволлар ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида жойлаштирилган.
Мезонларга асосланган баҳолаш тизими жорий қилинган мактаблар учун журналнинг янгиланиши
Янгиланган журналлар 100 баллик тизимда баҳолашга мослаштирилган бўлиб, уларнинг тузилмасига БСБ ва ЧСБ учун махсус устунлар қўшилди. Шунингдек, журналлар ярим йиллик асосда баҳоланадиган фанлар учун чораклар шаклидан ярим йиллик шаклга ўтказилди. Бунда янги баҳолаш тизими жорий қилинган мактаблар учун тайёр календар-мавзу режалар ҳам жойлаштирилган. Энди ўқитувчи журналдан чиқмай туриб, шунингдек, уй вазифалари мавзуларини олмасдан, тайёр календар-мавзу режаларини осонгина тизимга импорт қилиши мумкин. Бу эса ўқитувчиларнинг ишларини енгиллаштиради.
eMaktab.Smart янги интерфейси
Интерфейснинг янгиланган дизайни фойдаланиш учун янада қулайроқ бўлиб, мобил қурилмаларда ишлаш учун ҳам мослаштирилган.
eMaktab.Oila мобил иловасида янги имкониятлар
Энди “рейтинг” функцияси нафақат ўқувчининг синфдаги ўрнини кўрсатади, балки параллел синфлар ўртасидаги тўлиқ рақобатни намойиш қилади. Ҳар бир фан бўйича синфлар рейтинги мавжуд бўлиб, унда ўқувчиларнинг ўзлаштиришига қараб рейтинг шакллантирилади.
Шахсий чат
Энди эМактаб.Оила мобил иловасида чат функцияси пайдо бўлди. Фойдаланувчиларнинг сўровига мувофиқ, янги ўқув йилидан эътиборан платформа ичида мулоқот қилиш имконияти яратилди. Ўқитувчилар ва ота-оналар мактабга тегишли масалаларни бошқа мессенжерларда муҳокама қилишлари муҳим маълумотларнинг йўқолишига ва шахсий маълумотларнинг тарқалишига олиб келиши мумкин. эМактаб тизимидаги чатлар мактабга оид барча мулоқот ва муҳокамаларни битта таълим платформасида жамлаш имконини беради.
Ота-оналар ва ўқитувчилар шахсий хабар ёзишлари учун рақамларни қидиришлари шарт эмас: бунда боланинг чатдаги профили устига босиш ва ўқувчи вакилларидан қайси бири билан боғланиш кераклигини танлаш кифоя. Синф раҳбарлари учун синф чати ҳам аллақачон яратилган, фан ўқитувчилари эса ўз фанлари бўйича мулоқот қилишлари мумкин. Қолаверса, ўқитувчилар шахсий хабарларда ва гуруҳ чатларида ўзаро мулоқот қилиш имкониятига эга бўладилар. Чатларда файлларни жўнатиш мумкин, янги хабарлар индикатори эса муҳим маълумотни ўтказиб юборишга йўл қўймайди. Фойдаланувчилар чатларда алмашадиган барча контент ҳимояланган.
Бу Ўзбекистонда EdTech технологиясини ривожлантириш, шунингдек, хавфсиз платформада ўқув жараёни иштирокчилари ўртасида онлайн мулоқот қилиш йўналишидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Oʻqituvchilar va eMaktab administratorlari uchun oʻquv yili boshlanishiga videoqoʻllanmalar chek-listi