Бугун пойтахтимиздаги 22-мактабда “Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари раҳбарлари фаолиятини тизимли ташкил этиш, муаммолар ва истиқболдаги режалар” мавзусида 5 кунлик ўқув семинар старт олди. Семинарда мактабгача ва мактаб таълими ташкилоти раҳбарлари, директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирок этмоқда.
Мазкур семинарни ўтказишдан асосий мақсад Олмазор туманидаги мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, тарбиявий ишлар натижадорлигини ва раҳбарлар иш фаолияти самарадорлигини оширишдан иборат.
Семинар машғулотлари давлат хизматчисининг касб этикаси ва мажбурияти, маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларни ташкил этишнинг замонавий усуллари, бошқарувда қарор қабул қилиш ва жамоада соғлом муҳитни шакллантириш мавзуларида ташкил этилиши белгиланган.
“Қўқон ва Марғилон” тажрибаси сифатида ташкил этилаётган мазкур семинарлар 12-августдан бошлаб барча ҳудудлардаги таълим ташкилотлари раҳбарлари иштирокида ўтказилиши режалаштирилган.
Семинар якунида ҳар бир таълим ташкилоти раҳбаридан 5 кунлик ўқиш давомидаги ўзлаштирган билим ва кўникмалари юзасидан истиқболдаги режалари бўйича тақдимоти қабул қилинади.