Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бошчилигида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида соҳада амалга оширилган ишлар сарҳисоби ва келгуси вазифалар ижросига бағишланган Ҳайъат йиғилиши ўтказилди.
Видеоконференсия шаклида ташкил этилган тадбирда вазир ўринбосарлари, вазирлик ва тизим ташкилотлари масъуллари ҳамда ҳудудий бошқармалар бошлиқлари иштирок этди.
Вазир Ҳилола Умарова кун тартибидаги масалаларга атрофлича тўхталиб ўтар экан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида мактабгача таълим ташкилотлари сони 37 548 тага, қамров кўрсаткичи 74,6 фоизга, 6 ёшли болаларнинг мактабга тайёрлов тизими қамрови 93 фоизга етганлигини таъкидлаб ўтди.
Жорий ўқув йилида 500 та мактабда жорий этилган янги баҳолаш тизими натижасида мазкур мактаблардаги ўқувчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичи 6 фоизга ошди.
Тизимдаги 210 444 нафар раҳбар ва педагог кадрлар малакаси оширилди. 5. 7 949 нафар стажёр-ўқитувчи касбий сертификатлаш, 190 минг нафар ўқитувчи янги тартиб асосида малака тоифаларини бериш синовларига жалб этилди. “Менежерлик ўқув курси”да 1319 нафар директорликка номзодлар ўқитилиб, уларнинг 834 нафарига сертификат берилди.
Танқидий-таҳлилий руҳда ўтказилган йиғилишда тизимдаги мавжуд камчиликлар ва амалга оширилиши зарур бўлган ишлар ҳам атрофлича тилга олиб ўтилди. Хусусан, республикадаги айрим ҳудудларда, жумладан, Андижон, Жиззах, Самарқанд вилоятларида болаларни мактабгача таълимга қамров кўрсаткичлари йил бошига нисбатан сезиларли даржада тушганлиги танқид қилинди.
Шу сабабли йил якунига қадар мактабгача таълимга қамров даражасини 76 фоизга етказиш, янги ўқув йилидан бошлаб 1 300 та таянч мактаблар фаолиятини самарали йўлга қўйиш, шу билан бирга “Касбий ривожланиш соати” ва “Касбий ривожланиш куни” тадбирлари ҳамда ментор-ўқитувчиларини ўқитиш ишларини тўғри ташкил қилиш бўйича масъуллар олдига аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилиш давомида ҳар бир раҳбар олдига тегишли йўналишларда белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш бўйича зарур топшириқлар берилди.
Тадбир сўнггида вазирлик масъуллари ва ҳудудий бошқарма бошлиқларининг кун тартибидаги мавзуларга оид ҳисоботлари тингланди.