Бугун Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида жорий йилда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари педагогларини малака (тест) синовларидан ўтказиш якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Сардор Раджабов ҳамда вазирлик масъул ходимлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 572-сон қарорига мувофиқ, жорий йилнинг апрель-май ойларида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари педагоглари малака тест синовларидан ўтказилди.
Педагогларни аттестациядан ўтказиш учун вазирлик томонидан малака тоифасини бериш амалиёти такомиллаштирилди ҳамда инсон омилисиз ўтказиладиган янги тизим жорий қилинди.
Малака синов жараёнлари мамлакатимиз миқёсида 2024 йил 15 апрель куни бошланди ҳамда май ойининг 20 кунига қадар давом этди.
Синовларда қатнашиши режалаштирилган 198 446 нафар педагогнинг:
— 189 929 нафари ёки 95,71 фоизи иштирок этди;
— 10 837 нафар ёки умумий номзод педагогларнинг 5,54 фоизи малака (тест) синовида турли сабаблар билан иштирок этмади;
— 120 нафар педагог ўрнатилган тартиб-қоидаларни бузганлиги сабабли синов жараёнларидан четлаштирилди ҳамда бу ҳақида ўрнатилган тартибда далолатномалар расмийлаштирилди.
Талабгор педагоглар умумий ҳисобда 41 та, жумладан, Информатика ва ахборот технологиялари, Бошланғич таълим, Ўзбек тили (Давлат тили), Она тили ва адабиёти, Математика, Физика, Кимё, Биология, География, Иқтисодий билим асослари, Мусиқа маданияти, Тасвирий санъат ва чизмачилик, Технология (қиз болалар учун), Технология (технология ва дизайн йўналиши — ўғил болалар учун), Қорақалпоқ тили (Давлат тили), Рус тили ва адабиёти (рус), Рус тили (миллий мактабларда), Француз тили, Ҳинд тили, Инглиз тили, Корейс тили, Немис тили, Қирғиз тили ва адабиёти, Қозоқ тили ва адабиёти, Тожик тили ва адабиёти, Туркман тили ва адабиёти, Хитой тили, Япон тили, Давлат ва ҳуқуқ асослари, Тарбия, Тарих, Қорақалпоқ тили ва адабиёти, Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик, Жисмоний тарбия фанлари педагоглари ҳамда мактабгача таълим муассасалари (тарбиячи, психолог, тарбиячи-методист, Ўқитувчи-дефектолог, Ўқитувчи-дефектолог, Ўқитувчи-логопед, Мусиқа ходими (Мусиқа раҳбари) ходимлари иштирок этди.
Малака (тест) синовларида ўртача балл натижалари бўйича Бухоро (62,53), Хоразм (60,5) вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри (60,15) педагоглари энг юқори балл кўрсаткичларига эришди.
Тест синовларини ўтказиш жараёнида ҳеч қандай кўнгилсиз ҳодисалар рўй бермади.
Малака (тест) синовлари республикадаги махсус тайёрланган 13 та объектда 4 сменада ўтказилди. Тест жараёнларининг хавфсиз ва шаффоф ўтишини таъминлаш, жамоат хавфсизлиги ва тартибини сақлаш учун Миллий гвардия ҳамда Ички ишлар тизими ходимлари жалб этилди.
Аттестация натижаларига кўра педагог кадрларнинг 8 913 нафари (4,7 фоиз) олий тоифа, 25 261 нафари (13,3 фоиз) биринчи тоифа, 46 662 нафари (24,6 фоиз) иккинчи тоифа ва 11 036 нафари (5,8 фоиз) мутахассис тоифасига эга бўлишди.
Шунингдек, 14 032 нафар (7,4 фоиз) педагог мутахассис лавозими учун етарли балл тўплай олмаган.
Маълумот учун: малака тоифасини олиш синовлари (янги тизим асосида) икки босқичда ўтказилди.
Биринчи босқичда – педагогнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражаси баҳоланади. Бунда педагогларга мутахассислик фани бўйича 35 та ҳамда касбий стандартларига оид 5 та тест саволлари берилди.
Иккинчи босқичда – педагогик маҳорати баҳоланади. Бунда педагогик маҳоратни аниқлаш мақсадида 10 та савол-топшириқ берилди.
Ҳар иккала босқич ҳам компьютерда реал вақт режимида (онлайн) ўтказилди. Бунинг натижасида ташқи аралашувнинг олди олиниб, инсон омили аралашувига барҳам берилишига эришилди.
Аттестация натижалари QR-код қўйилган электрон шаклда педагогларнинг шахсий кабинетларига юборилади.
Аттестация натижасига кўра, педагог кадрларнинг ойлик иш ҳақларига киритиладиган ўзгаришлар автоматик тарзда ҳисоблаб чиқарилиши учун UzASBO ёки бошқа молиявий ҳисоб-китоб дастурларига юборилади.
Тадбир сўнггида журналистларнинг мавзуга доир саволларига мутасаддилар томонидан атрофлича жавоб бериб ўтилди.