Жорий йилнинг 22 май куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги каби қатор ташкилотларнинг ижро интизоми, мурожаатлар билан ишлаш ва девонхона бўлимлари масъул ходимларига малака ошириш семинари ўтказилди.
Малака ошириш семинари Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифходжаев томонидан очиб берилиб, мулоқот давомида вазирлик тизимида ижро интизомини мустаҳкамлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Хусусан, вазирлик ва унинг тизим ташкилотлари, ҳудудлар кесимидаги ижро ҳолати бўйича йўлга қўйилган мониторинг тизими ҳақида батафсил тушунтириш берилди.
Масъуллар вазирлик девонхонасида иш юритилиш тартиби ҳамда Ахборот таҳлил ва ижро интизоми бўлими ходимларининг иш фаолияти билан яқиндан таништирилди ва фикр-мулоҳазалар алмашинилди.
Шундан сўнг, иштирокчилар вазирлик тизимида юридик ва жисмоний шахслардан келган мурожаатларни ўрганиш ҳолати, фуқароларни қабул қилиш тартиби ҳамда Cалл-маркази иш фаолияти билан яқиндан танишди.
Тадбир давомида вазирлик тажрибаси, яъни, келиб тушаётган ҳар бир ҳужжатни рўйхатга олиш ва унинг ижро муддатини белгилаш қатъий тартиб асосида амалга оширилиши, уларнинг ижро этилиши устидан назоратни ташкил қилиш ҳамда ҳар бир топшириқнинг ўз вақтида ижро этиш тизими тўғрисида иштирокчиларга атрофлича маълумот берилди.
Малака ошириш семинари якунида вазирлик ва идораларнинг масъуллари ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олди.