“Вазир соати”да муҳим масалалар муҳокама этилди

23 апрель 2024 йил
image

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бошчилигида соҳада олиб борилаётган қатор вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан мактаб таълимини ривожлантириш, ўқувчиларини касб-ҳунарга ўргатиш тизими ва сифатини ошириш, малака тоифа синовларини ўтказиш масалаларига бағишланган “Вазир соати” бўлиб ўтди.

Видеоконференция шаклида ташкил этилган тадбирда вазир ўринбосарлари, вазирлик масъуллари ҳамда ҳудудий бошқарма бошлиқлари иштирок этди.

Вазир Ҳилола Умарова кун тартибидаги масалаларга атрофлича тўхталиб ўтар экан, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимиздаги қатор мактабларда ўқувчиларни 27 та турдаги касб-ҳунарга ўргатиш тизими жорий этилганлиги ҳамда бу ташаббус ўз самарасини бераётганига урғу бериб ўтди. Вазирлик ҳамда ҳудудий масъулларга бу борада амалга оширилаётган ишлар даражасини янада жадаллаштириш вазифаси қўйилди.

Жумладан, касб-ҳунарга ўқитиш бўйича ўқув дастурларини иш берувчи йирик корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқиш, ҳудудий масъуллар ва мактаб директорлари учун ўқув-семинарлар ташкил этиш, 2024-2025 ўқув йилидан ўқувчиларнинг танлови асосида белгиланган мактабларда “Бизнес ва касб-ҳунарга ўқитиш” йўналишини жорий этиш бўйича галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишда жорий йилда ўтказилаётган “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг ҳудудий босқичларини ташкил этиш ва уни юқори савияда ўтказиш ҳақида фикр юритилди.

Шунингдек, айни кунларда ўтказилаётган малака тоифа синовларини намунали ташкил этиш, жараёнларни адолатли ва шаффоф ўтказиш бўйича масъуллар олдида турган муҳим вазифалар айтиб ўтилди.

Тадбир сўнггида вазирлик масъуллари ва ҳудудий бошқарма бошлиқларининг кун тартибидаги мавзуларга оид ҳисоботлари тингланди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu