Мазкур амалиётнинг афзалликлари нимада?
Турли сабабларга кўра, ўз вақтида умумий ўрта таълим олмаган фуқароларга экстернат тартибида якуний давлат аттестацияларидан ўтиб давлат намунасидаги шаҳодатнома олиш имконияти яратилган.
Бунинг учун талабгорлар ҳар йили 1 мартдан 1 майга (шу куни ҳам) қадар Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали онлайн ариза топширишлари мумкин.
Мазкур давлат хизмати бепул амалга оширилади.
Кимлар ариза топширишлари мумкин?
9-синф доирасида тегишли йилда 16 ёшга тўладиган ва ундан катта ёшдаги фуқаролар;
11-синф доирасида 18 ёшга тўладиган ва ундан катта ёшдаги фуқаролар.
Ушбу ёш чегараси умумий ўрта таълим мактаби битирувчилари ёшига мос равишда белгиланган.
Қандай ҳужжатлар тақдим этилади?
Рўйхатдан ўтиш вақтида шахсий маълумотлар ва ўқиган мактаб тўғрисида (агар ўқиган бўлса)ги маълумотлар киритилади. Шунингдек, аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
9-синф ҳажмида тасдиқланган баҳолар (ўзлаштириш) табели ёки мактабнинг 9-синфини тамомламаганлиги тўғрисида тасдиқланган маълумотнома (рdf форматида) нусхаси;
11-синф ҳажмида 9-синфни тамомлаганлиги тўғрисидаги шаҳодатнома (рdf форматида) нусхаси;
Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари томонидан 9-синфдан кейин мажбурий ўрта таълимни якунламаганлиги тўғрисида тасдиқланган маълумотнома (рdf форматида) нусхаси.
Аризалар қай тартибда кўриб чиқилади?
Фуқароларнинг онлайн юборилган ҳужжатлари экстернат тартибида имтиҳон ўтказиладиган мактабга юборилади ва икки кун муддатда кўриб чиқилади.
Фуқаролар шахсий кабинети орқали якуний давлат аттестациясига қўйилганлиги тўғрисидаги маълумотни электрон тизимдан юклаб олиши мумкин.
Экстернат тартибида якуний давлат аттестацияси қачон ва қай тартибда ўтказилади?
Имтиҳон ўтказиш жойи, санаси ва бошқа шартлари имтиҳон ўтказилишидан 10 кун олдин экстернат мактаб биносининг барча учун кўринарли жойига осиб қўйилади ва бу ҳақда электрон тизим орқали фуқарога хабарнома юборилади.
Экстернат тартибида якуний давлат аттестацияси ҳар йили 15 июнга қадар ўтказилади.
Натижалар қачон эълон қилинади?
Натижалар имтиҳон ўтказилганидан сўнг 2 кун ичида эълон қилинади.
Фуқаролар имтиҳон натижалари тўғрисидаги маълумотни электрон тизим орқали автоматик тарзда тизимдан юклаб олади.