Сайт тест режимида ишламоқда

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2023 йил фаолияти натижалари тўғрисида маълумот

29 декабрь 2023 йил
image

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига юклатилган вазифалар ва топшириқлар доирасида 2023 йил давомида қуйидаги ишлар амалга оширилди:

ҚОНУНЧИЛИК БАЗАСИНИ МУСТАҲКАМЛАШ  ЙЎНАЛИШИДА:

2023 йилда мактабгача ва мактаб таълими тизими фаолиятига оид жами 20 та қонунчилик ҳужжатлари, жумладан, 1 та Президент Фармони, 1 та Президент қарори, 6 та Вазирлар Маҳкамаси қарори, 7 та Вазирлар Маҳкамаси фармойиш ва 5 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ФАОЛИЯТИ ЙЎНАЛИШИДА:

Мактабгача таълим ташкилотлари сони 33 942 тага етказилди. 3-7 ёшли болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 74 фоизга, 6 ёшли болаларнинг мактабга тайёрлов қамрови 93 фоизга етказилди.

Давлат-хусусий шерикчилик асосида 7 100 ўринли 71 та, оилавий шаклда 116 998 ўринли 4 402 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилди.

26 890  қувват (ўрин)га эга бўлган 168 та (53 та янги қурилиш ва 113 та реконструкция, 2 та мукаммал таъмирлаш) объектларни қуриш ва реконструкция қилиш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилади.

Мактабгача таълим ташкилотларидаги олий маълумотли кадрлар улуши 34,6 фоизга етказилади.

14 минг нафар раҳбар ва педагог кадрларнинг малакаси оширилди.

335 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда 370 та бошланғич таълимга бир йиллик мажбурий тайёрлов гуруҳлари 122,2 млрд.сўмлик мебель ва бошқа жиҳозлар билан таъминланди.

Республикадаги барча давлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчилар учун ягона мавсумий таомнома жорий этилди.

АҚШ қишлоқ хўжалиги агентлигининг Ўзбекистондаги “Mercy corps” филиали ҳамкорлигида Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятидаги 166 та ДМТТнинг умумий овқатланиш шохобчалари, санитария-гигиена объектлари инфратузилмаси, сув таъминоти яхшиланди.

УМУМТАЪЛИМ МАКТАБЛАРИ ФАОЛИЯТИ ЙЎНАЛИШИДА:

Мактаблар сони 10 163 тага, ўқувчилар сони 6 476 091 нафарга етди.

37 та мактаб филиалларига умумий ўрта таълим мактаби мақоми берилди.

Мактабларнинг 1-синфига  689 726 нафар болалар  қабул қилинди ва “Президент совғаси” берилди.

Масофадан ёки “бир дарча” тамойили асосида давлат хизматлари жорий этилиши (кенгайтирилиши) натижасида:

974 778 нафар битирувчига (9- ва 11-синф) электрон шаҳодатнома берилди, 75 193 нафар ўқувчи мактабдан-мактабга кўчирилди, 54 772 нафар фуқарога шаҳодатнома дубликати берилди, 1-синфга ўқувчиларни масофадан қабул қилиш тизими 1 160 та мактабга татбиқ этилди.

11-синф битирувчиларининг 11 879 нафари олтин медаль ва 2 050 нафари кумуш медаль билан  тақдирланди.

Мактаб битирувчиларнинг ОТМга киришдаги ўртача бали 77,1 баллга етказилди, шундан 77 фоиз давлат гранти ўринларини жорий йил битирувчилари эгаллади.

500 та мактабда Президент мактабларининг баҳолаш тизимини  жорий этиш бўйича тажриба-синов жараёнлари ва 135 та мактабда 4 та йўналиш (математика-физика, математика-чет тили, она тили-чет тили, кимё-биология) бўйича фанларни танлаш имконини берадиган махсус ўқув-режалар жорий этилди.

Янги методикалар асосида яратилган ва халқаро экспертизадан ўтказилган 495 номдаги дарсликлар бошланғич синфлар учун, инглиз, француз ва немис тиллари бўйича халқаро нашриётларининг (Кембридж, Клетт, Дидьер) маҳаллийлаштирилган 88 номдаги дарсликлари барча синфларда татбиқ этилди.

Ўқувчилари учун 63,1 млн. нусха дарслик чоп этилди.

Мактаблардаги ижтимоий-маънавий муҳит яхшилаш борасида олиб борилган ишлар натижасида «қизил» тоифага киритилган мактаблар сони 1 526 тадан 404 та камайди.

лицензиялаш тартибларини соддалаштирилиши натижасида нодавлат умумтаълим ташкилотлари сони 449 тага (2022 й. – 335 та) етказилди.

ЎҚУВЧИЛАРНИНГ ОЛИМПИАДАЛАРДАГИ ИШТИРОКИ ЙЎНАЛИШИДА:

5 та энг нуфузли халқаро фан олимпиадаларида жами 13 та медал, бошқа халқаро олимпиадаларда 52 та медал қўлга киритилди.

Ўзбекистон Республикаси томонидан энг нуфузли Халқаро кимё ва Халқаро информатика олимпиадаларига 2026 йилда мезбонлик қилишни қўлга киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танлови ташкил этилиб, унга 6 885 та мактаб, 34 375 нафар ўқувчи қамраб олинди.

ХАЛҚАРО МУНОСАБАТЛАР ЙЎНАЛИШИДА:

Мактабларга 500 нафар хорижлик мутахассислар жалб этилди.

PISA халқаро баҳолаш тадқиқотлари натижалари эълон қилиниб, Ўзбекистоннинг математик саводхонлик йўналишида ўртача кўрсаткичи 364 балл (72 ўрин), ўқиш саводхонлиги йўналишида 336 балл (80-ўрин), табиий-илмий саводхонлик йўналиши бўйича эса 355 баллни (80-ўрин) ташкил этди.

Буюк Британиянинг Портсмут университетида жорий йилнинг ноябрь ойида 30 нафар мактаб директори малакаси оширилди.

28 та халқаро донор ташкилот иштирокида “Ўзбекистонда таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича 2023-2026 йилларга мўлжалланган келишув” (Partnership Compact) тасдиқланиб, 600 млн долларига тенг лойиҳалар белгиланди. Мактабгача таълим соҳасида 7,55 млн доллар (режага нисбатан 101 фоиз) инвестициялар ўзлаштирилади.

Биринчи Марказий Осиё халқаро эко-оромгоҳи ташкил этилди

ва экологик таълимни ривожлантиришга қаратилган “Барқарор ривожланиш маданиятини қўллаб-қувватлаш, болалар ва ёшларини иқлим масалаларига жалб қилиш бўйича” миллий ва минтақавий стратегиялар қабул қилинди.

Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан ҳамкорликда “Ўзбекистон профессионал таълим тизимида ислоҳотлар ва замонавийлаштириш жараёнларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти раислиги доирасида 7-“Таълим вазирлари учрашуви” бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон Республикалари таълим соҳасига масъул вазирликларининг раҳбарлари, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби ва Халқаро туркий академиянинг вакиллари иштирок этди.

“Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида “Ўзбекистон – соғлом ва билимли жамият” мавзусида халқаро конференция ташкил этилиб, унда қатор халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг таълим соҳаси вакиллари иштирок этди.

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ВА ИНКЛЮЗИВ ТАЪЛИМНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЙЎНАЛИШИДА:

Инклюзив таълимни босқичма-босқич ривожлантириб бориш мақсадида инклюзив таълим жорий этилган мактаблар сони 415 та (2022-йилга нисбатан 2 баравар кўп) га, улардаги ўқувчилар сони 736 нафар (2022-йилга нисбатан 200 нафар кўп) га етди. Инклюзив таълим жараёнида иштирок этувчи 1431 нафар педагог ходимларнинг малакаси оширилиб, сертификат тақдим этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон ва Фарғона вилоятларида “Меҳрли мактаб” давлат таълим муассасаси филиаллари фаолияти йўлга қўйилиб, уларда 1172 нафар болалар таълим-тарбия билан қамраб олинди.

Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг 153 нафари  уй-жой билан таъминланди, 1105 нафари эса олий таълим муассасаларига давлат гранди асосида ўқишга қабул қилинди.

Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган (эшитишидан нуқсони бўлган) болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларнинг 2034 нафар  ўқувчилари Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий амалий тиббиёт марказининг малакали шифокорлари томонидан  чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Эшитишида нуқсони бўлган ўқувчиларнинг 350 нафари бепул эшитиш аппаратлари билан таъминланди.

“Zamin” халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда “Эшитишни хоҳлайман!” “Zamin creative”, “Zamin education”, “Инклюзив таълим” каби лойиҳалар йўлга қўйилди ва ушбу лойиҳалар доирасида 500 нафардан ортиқ педагог ходимлар, 1000 нафардан ортиқ ўқувчилар учун ўқув-семинарлар, турли тадбирлар ва IT оромгоҳи ташкил этилди.

Алоҳида таълим эҳтиёжи бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернталари ўқувчилари ўртасида “Беш ташаббус паралимпиадаси” спорт мусобақалари ташкил қилиниб, унда 7500 нафар ногиронлиги бўлган болалр қамраб олинди.

Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган “Нурли маскан” таълим муассасалри ўқувчилари ўртасида “Заковат”  интеллектуал мусобақаси ташкил қилинди.

ПЕДАГОГЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ЙЎНАЛИШИДА:

Умумтаълим мактабларидаги 500,4 минг нафар педагогларнинг (226,4 минг нафари офлайн, 229,4 минг нафари онлайн) малакаси оширилди.

Малака сертификатига эга ўқитувчилар сони 37 844 нафар (шундан 32 843 нафари юқори даражадаги сертификатга эга)ни ташкил этади.

А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти 12 минг нафар раҳбар ва мутахассис ходим ўқитилди, Институтнинг илмий салоҳияти 57,1 фоизга етказилиб, 54 та илмий мақола, 5 та монография чоп этилди.

Узлуксиз касбий ривожлантириш (малака ошириш) курсларини табақалаштирилган тарзда ташкил этиш мақсадида 367 минг нафардан зиёд ўқитувчи касбий диагностика тестларидан ўтказилди.

Педагогика фанлари бўйича фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун 2 та, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун 4 та диссертация ҳимоя қилинди.

ЎҚУВЧИЛАРНИ КАСБГА ТАЙЁРЛАШ ЙЎНАЛИШИДА:

Мактабларда 1-11-синф ўқувчиларини касбга йўналтириш бўйича янги “Касбга йўналтириш тизими” жорий этилди.

Ҳар бир туман (шаҳар)да биттадан, жами 208 та мактабда

17 082 нафар (8 454 нафари қизлар, 49,5 фоиз) 10-синф ўқувчиларига 3 та йўналишда касб-ҳунар ўргатиш тизими жорий этилди.

10-синфлар учун “Касбий таълим” фани жорий этилди ва ушбу фанга ҳафтасига 2 ўқув соати ажратилди.

Ўқувчиларга 15 та ишчи касб, 4 та тадбиркорлик, 8 та ахборот технологиялари йўналишида касб-ҳунар ўргатиш йўлга қўйилди.

Ўқувчиларни касб ва мутахассисларнинг меҳнат фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида 2023/2024 ўқув йилида 1,8 млн нафардан ортиқ ўқувчи ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва агротехнология йўналишидаги корхоналарга 9 709 та экскурсиялари, 4 563 та семинарлар, 27 259 та учрашувлар ташкил этилди.

Олиб борилган тарғибот тадбирлари натижасида 112 856 нафар 9-синф битирувчилари касб-ҳунар мактабларига жалб қилинди.

Самарқанд вилояти Оқдарё тумани 32-сон умумтаълим мактабининг ўқувчиларга касб-ҳунар ўргатиш тажрибаси оммалаштирилди.

“БАРКАМОЛ АВЛОД” БОЛАЛАР МАКТАБЛАРИ ФАОЛИЯТИ ЙЎНАЛИШИДА:

Республикада 219 та “Баркамол авлод” болалар мактабларида

10 472 та тўгарак ташкил этилиб, уларга 306 310 нафар ўқувчи-ёшлар қамраб олинди.

14 та ҳудудда тажриба конструкторлик бюролари, “Касблар лабороторияси”фаолияти йўлга қўйилди.

25 та “Баркамол авлод” болалар мактабларида хусусий секторларни жалб қилган ҳолда робототехника, ментал арифметика ва хорижий тиллар курслари ташкил этилди.

Сирдарё вилоятида “Мактабдан ташқари таълим: муаммо ва ечимилар” I республика форуми ўтказилди ва унда 300 нафар мактабдан ташқари таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этди.

Мактаблардаги 7 822 та тўгаракларда 39 116 та жамоалар тузилган бўлиб, мазкур жамоаларда 277 469 нафар ўқувчи-ёшлар жалб этилган.

ЎҚУВЧИЛАРНИНГ МАЪНАВИЙ-МАЪРИФИЙ ВА СПОРТ ТАДБИРЛАРИДАГИ ИШТИРОКИ ҲАМДА КИТОБХОНЛИККА ЖАЛБ ЭТИШ ЙЎНАЛИШИДА:

Наманган вилоятида Ўзбекистонда илк маротаба “Болалар сайёҳлик” базаси очилди.

Жорий йилда 18 та халқаро танлов, фестиваль ва мусобақаларда

440 нафар ўқувчилар иштирок этиб, уларда 17 та биринчи, 24 та иккинчи, 34 та учинчи, 9 та гран прини қўлга киритди.

Таълим муассасасидаги 39 742 та китобхонлик клубларига 5,49 млн нафар ўқувчи-ёшлар жалб қилинган.

Мактаб кутубхоналарида 15,1 млн. нусха адабиётлар фонди мавжуд бўлиб, шундан 8,6 млн. нусхаси (57 фоиз) лотин алифбосидаги адабиётлар ҳисобланади.

Республика Болалар кутубхонаси томонидан 200 номдаги аудио китоблар тайёрланиб, kitob.uz веб-сайтига жойлаштирилди.

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” шиори остида 172 870 нафар, “Ёшлар туризм ҳафталиги” доирасида 192 705 нафар ўқувчи саёҳатларга, “Мозийга саёҳат” дастури доирасида 399 320 нафар ўқитувчи ва ўқувчилар музей ва театрларга олиб борилди.

Умумтаълим мактабларида спортнинг 14 та тури бўйича ташкил этилган 64 505 та спорт секциясига 1,5 млн. нафар (570 209 нафари қизлар) ўқувчи-ёшлар қамраб олинди.

“Қувноқ стартлар”, “Ёшлик спорт жамоалари”, “Ёзги таътилни спорт билан ўтказамиз” спорт мусобақалари ўтказилиб, уларга 2,1 млн. нафар ўқувчилар жалб этилди.

Ёзги мавсумда 199 та стационар оромгоҳларда 155 583 нафар, таълим муассасаларида 922 та соғломлаштириш майдончаларида (бепул) 173 918 нафар болалар дам олдирилди.

“Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доираси 1,9 млн. нафар ўқувчи жалб этилиб, 1,1 млн нафари сертификатга эга бўлди.

Республикадаги мавжуд 10 163 та умумтаълим муассасаларда «Заковат» интеллектуал клублари фаолияти йўлга қўйилиб, ҳафтанинг ҳар сешанба куни «Заковат» соатлари ташкил этилди. Унда 289 минг нафар ўқувчи иштирок этди.

ҚУРИЛИШ ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК БАЗАНИ МУСТАҲКАМЛАШ ЙЎНАЛИШИДА:

Инвестиция ва бошқа қўшимча дастурлар доирасида жорий йил 563 та мактабда қуриш-таъмирлаш амалга оширилди. Мазкур ишлар натижасида қўшимча 118,6 мингта янги ўқув ўринлари яратилиб, мавжуд 114,8 минг ўринли бинолар мукаммал таъмирланди. Мазкур мақсадлар учун 3,0 трл. сўмга яқин маблағлар йўналтирилди.

“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 1 565 та умумтаълим мактабига 1,5 трл. сўмдан ортиқ маблағлар ажратилиб, уларнинг моддий-техника таъминоти ва инфратузилмалари ҳолати яхшиланди.

1 797 та таълим муассасаларига қайта тикланувчи қуёш электр панеллари ва қуёш сув иситиш қурилмалари ўрнатилди.

Ичимлик суви ташиб келтириладиган 53 та умумтаълим мактаблари узлуксиз тоза ичимлик суви билан таъминланди.

Республикадаги 6 479 та мактабнинг иситиш тизими ва иситиш қозонлари модернизация қилинди. 2 335 та мактабнинг иситиш қозонлари кўмир ёқилғи маҳсулотига мослаштирилди.

Умумий ўрта таълим мактабларига 3 710 та компьютер синфи тўплами ва 555 та интерактив доскалар етказилди.

10 100 та (99,9 фоиз) мактабга Интернет тармоғи инфратузилмаси олиб келинди ва “Education” тариф режасига уланди.

10 104 та мактаб учун 112 млрд. сўм ҳисобига 5 турдаги спорт ва 7 турдаги миллий чолғу асбоблари етказиб берилди. Натижада, спорт жиҳозлари 100 фоизга ва миллий чолғу асбоблари билан таъминланганлик даражаси 35 фоизга етказилди.

ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ АГЕНТЛИГИ ТАСАРРУФИДАГИ ТАЪЛИМ МАСКАНЛАРИ ФАОЛИЯТИ ЙЎНАЛИШИДА:

Президент мактаблари битирувчиларининг 84 фоизи (275 нафари) муддатидан олдин нуфузли хорижий олийгоҳларда ўқиш имкониятига эга бўлишди.

Президент мактабларининг 13 таси (93 фоизи) SAT халқаро сертификати имтиҳонларини ўтказадиган расмий марказлари сифатида тан олинди.

Президент мактаблари битирувчилари дунё рейтингида 6-ўринда турувчи “California Institute of Technology”, 7-ўринда турувчи “Garvard” ҳамда “Princeton” университетларининг 100 фоизлик грантини қўлга киритишди. Бу кўрсатгич ўтган йилга (37-ўрин) нисбатан 31 та ўрин юқорига кўтарилган.

Ижод мактабларининг 223 нафар битирувчиларидан 83 фоизи (187 нафари) муддатидан олдин хорижий ва маҳаллий олийгоҳларда ўқиш имкониятини қўлга киритишган. Бу кўрсатгич ўтган йилга (55 фоиз) нисбатан  28 фоизга ўсган.

Ташкил этилганига бир йил бўлган ихтисослаштирилган мактабларнинг 3962 нафар битирувчиларидан 72 фоизи (2882 нафари) олий таълим муассасаларига ўқишга кирди.

Ижод мактабларнинг 44 фоизида, ихтисослаштирилган мактабларнинг 18 фоизида иккинчи хорижий тил ўқитиш йўлга қўйилди.

Ижод мактаблари ўқувчиларининг 52 нафари республика фан олимпиадасининг ҳудудий босқичида  совринли (18 нафари 1-, 20 нафари 2-,

14 нафари 3-) ўринларни қўлга киритишди.

“Янги Ўзбекистон” университетида “Microsoft Community Conf 2023 Uzbekistan” IT конференцияси, мамлакатимизда илк маротаба “Diffusion Fundamentals-X” конференцияси ташкил этилди.

ФУҚАРОЛАР МУРОЖААТЛАРИ БИЛАН ИШЛАШ ЙЎНАЛИШИДА:

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан 36 426 та мурожаат келиб тушган, шундан 7 340 таси вазирлик марказий аппарати томонидан кўриб чиқилган. Қолган 29 086 таси ҳудудларга юборилди.

Вазирлик Халқ қабулхонасига тўғридан-тўғри мурожаат қилган 2 026 нафар фуқарога амалий ёрдам ҳамда ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Вазирлик Ишонч телефони орқали фуқаролардан келиб тушган 71 238 та қўнғироқларнинг 937 таси расмийлаштирилиб, мутахассислар томонидан ўрнатилган тартибда ўрганиб чиқилган. Қолган 70 303 та қўнғироққа операторлар томонидан оғзаки жавоб берилган.

2023 йил ҳисоботи инфографикада

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu