Сайт тест режимида ишламоқда

Янги йил байрами муносабати билан ўтказилаётган “Президент арчаси” тадбирининг дастлабки сеанс дастурлари бўлиб ўтди

29 декабрь 2023 йил
image

Таъкидлаш лозимки, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган, ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган ҳарбий хизматчиларнинг болалари, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари иштирокида ҳар йили Янги йил байрами олдидан анънавий тарзда “Президент арчаси” тадбири ўтказиб келинади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Меҳрибонлик уйлари, оилавий болалар уйлари, “SOS — Ўзбекистон болалар маҳаллалари” уюшмасининг болалар маҳаллалари, болалар уйлари ва “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар интернат уйлари тарбияланувчилари, маҳаллаларда истиқомат қилаётган етим болалар ва ота-она қаромоғидан маҳрум бўлган болалар, шунингдек, ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган оилаларнинг 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар учун умумий ҳисобда 11 000 дона “Президент совғаси” тайёрланди.

“Президент совғаси” таркибига Ўзбекистон Республикаси Президентининг болаларга йўлланган Янги йил байрами табриги, 17 турдаги ширинликлар, 2 номдаги канцелярия маҳсулотлари, совға солинадиган қути, смарт соат ва бошқа совғалар киритилган.

Шунингдек, жорий йилда Меҳрибонлик уйлари, Оилавий болалар уйлари, SOS болалар маҳаллалари ҳамда “Меҳрли мактаб”нинг 12 ёшдан катта бўлган 1600 нафар тарбияланувчилари учун совғалар таркибига планшетлар ҳам киритилган.

Мазкур совғалар жорий йилнинг 25-28 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларга “Uzbekistan Airways” АЖ самолётлари ҳамда ҳудудий Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаларининг кузатувлари остида махсус автотранспорт воситалари орқали етказилди.

29-30 декабрь кунлари вилоят ҳокимликлари, сектор раҳбарлари ва халқ таълими бошқармалари томонидан республиканинг барча ҳудудларида “Президент арчаси” тадбирлари ташкил қилинади ҳамда болаларга “Президент совғаси” тарқатилиши режалаштирилган.

Маълум сабабларга кўра байрам тадбирларига кела олмаган  болалар учун совғалар маҳаллий ҳокимликлар, секторлар, миллий гвардия ва вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари вакиллари томонидан уларнинг уйларига борган ҳолда тантанали тарзда топширилади.

Ҳудудларда бўлиб ўтадиган “Президент арчаси” тадбирлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар томонидан зарур эҳтиёт чоралари кўрилган.

 “Президент арчаси” тадбирининг асосий тантаналари жорий йилнинг 29 декабрь куни пойтахтимиздаги “Томоша” болалар театр студиясида бўлиб ўтди. Бу ерда болажонларимизнинг Янги йил байрамида муносиб дам олишлари учун “Томоша” болалар театр-студияси томонидан саҳналаштирилган “Янги йил эртаклари” номли театр томошаси намойиш этилди.

Мазкур байрам дастури Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Yoshlar” телеканали ҳамда “ZO`R TV” телеканали томонидан байрам кунлари ташкил этиладиган Янги йил телемарафони доирасида намойиш этилади.

“Томоша” болалар театр студияси ўтказилаётган “Президент арчаси” тадбирининг такрорий сеанслари жорий йилнинг 29-30 декабрь кунлари соат 10:00 ва 14:00 ларда бўлиб ўтади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu