Сайт тест режимида ишламоқда

Эшитишида нуқсони бўлган ўртоғим билан сўзлашишда муаммога дуч келганим дефектолог касбини танлашимга сабаб бўлган

18 декабрь 2023 йил
image

Инглиз тили факультетига ўқишга киришга тайёрланган кезларим, эшитишида нуқсони бўлган ўртоғим билан сўзлашишда муаммога дуч келганман. Шу куни фикримдан қайтиб, дефектология факультетига ҳужжат топширганман. Қизиқиш билан таълим олганим боис факультетни имтиёзли дипломга тамомладим. Устозим Дилобар Якубжанова магистратурани тамомлаб, олийгоҳда ишлашни тавсия этган. Лекин мен Қувасой шаҳар алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган (кар ва заиф эшитувчи) болалар учун ихтисослаштирилган 90-махсус мактабда ўқитувчи бўлиб ишлашни афзал кўрдим. "Дефектолог — ўқувчи танламайди, барчага бирдек меҳр беради. Севади. Билим беради, тарбиялайди,"— деган устозимнинг гапларини дастуриламал ҳолида қабул қилдим.

8-синф раҳбари бўлиб ишлай бошладим. Касбимнинг мураккаб жиҳатларини ўша онда англаб, меҳр ва масъулият билан ишга киришдим. Синфда мураккаб нуқсонли қизча бор эди. Ана шу қизалоқ касаллиги кучайганлиги, хулқ-атвор бузилишининг оғир формаси ривожланган. 1 йил мобайнида уйда узоқ даволангани боис мактабга келмаган. Бир йилдан сўнг мактабга қайтган. Лекин бу қизчани «Зулмат» ҳинд бадиий фильмидаги қизалоққа монанд ҳаракатлари бўлганлиги боис айримлар ўқитишдан бош тортган. Синфдаги ўқувчиларим билан унга бағримизни кенг очдик. Уни синфга қабул қилдик. Синфдошлари бу қизга бор меҳрларини беришлари, ўқишда ёрдам беришлари шартлигини қатъий қўйдим. Жамоа бу қизчани тарбиялай олди.

Қизалоқ синфдошларидан ортда қолмаслик учун ҳаракат қилди. Жажжи бармоқчалари ручкани ушлай олмас эди. Имо-ишора нутқини ҳам билмас эди. Фикрини тушунтира олмай фақат, йиғларди. Имо-ишорани òзлаштирди. Илк ўрганган имо-ишораси «раҳмат» сўзи бўлди. Дугонаси унга совға берган вақти «раҳмат» имо-ишорасини бажарганда, бутун синф қарсак чалган.

Озгина меҳр бу қизчани уйида ҳам "Мактабга олиб бориб қўйинглар" имо-ишорасини тинмай бажаришга мотивация бўлди. Унинг кекса бобоси келиб, дуо қилганида шу касбни танлаганимга шукр қилишимга сабаб бўлган.

15 йилдан буён шу соҳада фаолият юритаман. Сентябрь ойида мактабимиз дарвозасидан кўзида ёш, қалбида титроқ, минг истиҳола билан 6-7 ёшли болажонини олиб келган ота-оналар қалбига йўл топиб, уларга умид, таскин бериб "Фарзандингиз гапиради" деб суянч бўлишга ҳаракат қиламан.

2 нафар ўғлим бор. Ўқувчиларимни уйимдаги оилавий маросимларга олиб бориб тураман. Қайнонам ҳар гал болажонларимни олиб борсам, бағрини кенг очиб, кутиб олади. Турмуш ўртоғим эса, уларни олиб борган куним шаҳар марказига, сайрга олиб боради.

Эшитишда нуқсони бўлган ўқувчиларда ҳиссий-эмоционал доира бузилиши кўпроқ кузатилади. Эшитиш пастлиги билан бир қаторда бошқа анализаторлар фаолиятининг ривожланишига акс таъсир этади. Меҳрибонлик, куйинчаклик фазилатлари қийинчилик билан ўзлаштирилади.

Ўқувчиларимнинг ота-оналари телефон қилиб: "Гулноза опа, ўқувчингиз нимадир деяпти, ўзингиз гаплашиинг", дейишади. Видеоқўнғироқ асосида болаларимнинг нима дарди борлигини, хоҳишларини билиб, ота-оналарига тушунтираман.

Мен унвон ёки кўкрак нишонларим билан мақтана олмайман. Бизнинг махсус таълим соҳамиз озгина мураккаброқ бўлгани боис ютуқларга эришиш осон эмас. Менинг ютуғим ўқувчиларимнинг ҳаётга қарашини ўзгартира олганимда, деб биламан.

Мен касбим билан фахрланаман. 2 нафар эмас, бир олам фарзандим бор. Сабаби, ўқувчиларим - менинг ҳаётим.

Зеро, буюк шоиримиз Алишер Навоий айтганидек:

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.

Гулноза Қурбонова,
Қувасой шаҳар алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар
чун ихтисослаштирилган 90-махсус мактаб ўқитувчиси

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu