Сайт тест режимида ишламоқда

“Директорлар кенгаши” аъзолари учун семинар-тренинг бўлиб ўтди

15 декабрь 2023 йил
image

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумтаълим мактаблари фаолиятини янада ривожлантириш ҳамда таълим муассасаларининг замонавий бошқарув шакли бўлган “Директорлар кенгаши” аъзолари учун семинар-тренинг тадбири бўлиб ўтмоқда.

Тадбирдан асосий мақсад, мактаб таълими тизими бошқарувида жамоатчилик ролини ҳамда “Директорлар кенгаши” фаолияти самарадорлигини ошириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, Кенгаш аъзоларининг касбий салоҳиятини юксалтиришдан иборатдир.

Семинар-тренингда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова иштирок этди ҳамда “Директорлар кенгаши” фаолиятини йўлга қўйишдан кўзланган мақсадлар, кутилаётган натижалар, унинг таълим тизимини самарали, очиқ ва шаффоф тарзда ташкил этишдаги ўрни ва аҳамияти ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 майдаги “Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-79-сон Фармонига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида энг тажрибали умумий ўрта таълим муассасалари директорларидан иборат бўлган “Директорлар кенгашлари” тузилган.

Тадбирда республикамизнинг турли ҳудудларида ташкил қилинган “Директорлар кенгаши”нинг 134 нафар  аъзоси иштирок этди.

Айтиш лозимки, жорий этилаётган янги тартибга кўра, умумий ўрта таълим муассасалари директорларини лавозимига тайинлаш “Директорлар кенгаши” тавсиясига асосан амалга оширилади. Ўқув семинар-тренингдан мақсад ҳам мазкур жараёнларга “Директорлар кенгашлари” аъзоларини тайёрлаш, уларнинг касбий маҳоратини оширишдан иборат.

Семинар давомида вазирликнинг масъул ходимлари ҳамда малакали тренерлар томонидан қатор мавзуларда семинар-тренинглар олиб борилди. Жумладан, “Директорлар кенгаши”нинг мақсад ва вазифалари, “Таълимда лидерлик-муаммолар ва ечимлар”, “Мактабларда таълим сифатини таъминлашда  мактаб директорининг роли”, “Директорлар кенгаши” фаолиятини ташкил этиш тартиби, “Мактабларда молиявий фаолиятни ташкил этиш тартиби”, “Меҳнат муносабатлари ва меҳнат қонунчилиги талаблари”, “Директорлар мактаби: таълимда лидерларни тайёрлашда замонавий ёндошув таълим муассасаларини самарали бошқариш”, “Номзодларни танлаб олиш психологияси”, “Меҳнат муносабатлари ва меҳнат қонунчилиги талаблари” каби мавзулардаги маълумотлар, тавсиялар машғулот иштирокчилариларида катта тассуротлар қолдирди.

“Директорлар кенгаши” Мактабгача ва мактаб таълими вазири буйруғи асосида жойлардаги энг тажрибали умумий ўрта таълим муассасалари директорларидан иборат таркибда тузилади. У умумий ўрта таълим муассасалари директорларини лавозимига тайинлаш бўйича тавсия берувчи маслаҳат органидир. Кенгаш тавсиялари вазирликнинг ҳудудий бошқармалар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

“Директорлар кенгаши” умумий ўрта таълим муассасаларида таълим-тарбия жараёнларида самарали бошқарувни амалга ошириш, меъёрий-ҳужжатларга риоя қилиниши мониторингини олиб бориш ва тегишли таклифлар ишлаб чиқишни ташкил этади.

Кенгаш ўз фаолиятини жамоатчилик асосида юритади ва ошкоралик тамойилига амал қилади, фақатгина Мактабгача ва мактаб таълим вазирлигига тўғридан-тўғри ҳисоб беради.

Кенгаш аъзолари сони ҳудуддаги умумий ўрта таълим муассасалари сонидан келиб чиққан ҳолда директорлар орасидан 7 нафардан 11 нафаргача этиб белгиланади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, кейинги йилларда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан директорларнинг касбий малакаларини оширишга ҳам катта эътибор берилмоқда. Жумладан, жорий йилда “Директорлар учун мактабларни ривожлантириш дастури” доирасида саралаб олинган бир гуруҳ соҳа вакиллари Буюк Британиянинг Портсмут университетида малака ошириб қайтишди.

Тренинг тадбирлари давомида мазкур мактаб директорлари ва мутахассислар ўз сафар таассуротлари ва Англия таълим тизими, инглиз мактаблари фаолияти ҳақида иштирокчиларга сўзлаб беришди.

“Директорлар кенгаши” аъзолари учун ўтказилаётган ўқув семинар-тренинг тадбирлари жорий йилнинг 16 декабрига қадар давом этади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu