Буюк Британия сафари мен учун ҳар томонлама самарали ва катта таассуротларга бой бўлди, деб айтишим мумкин.
Ўқувчилар - дўстимиз
Эътиборимни тортган жиҳат шуки, англиялик директорлар мактаб фаолиятига тегишли ҳар қандай қарорни жамоа билан бамаслаҳат қабул қилади. Ўқувчиларга нисбатан дўстона ёндашув етакчи ўринда туради. Энг асосийси, ўқувчилар ҳимоясига жуда катта эътибор берилар экан. Яъни уларнинг ҳар томонлама, ҳам билим жиҳатидан, ҳам жисмонан камолга етишиши қатъий назоратга олинади.
Ота-оналарни ўқитишга алоҳида ўқитувчилар жалб этилади
Мактаб маъмурияти ота-оналар билан узвий алоқада иш юритади. Ҳаттоки ўқувчиларнинг ота-оналари истагини инобатга олган ҳолда, улар учун дарс машғулотлари ташкил этилади. Ота-оналарни ўқитишга алоҳида ўқитувчи жалб этилади ва бу устозлар ўша дарслари учун ҳам алоҳида иш ҳақи олишади.
Бу амалиётдан асосий мақсад, ота-оналар фарзандларининг билим олиш даражаси, хатти-ҳаракатлари, хулқи, орзулари ва истаклари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиб боришади ҳамда ўз болаларининг эртага қайси касбни эгаллашга бўлган хоҳишларини ҳозирдан белгилаб олишади.
Дарслар эркин танланади
Инглиз мактабларининг яна бир муҳим жиҳати, дарс жараёнларида ҳар бир ўқувчига индивидуал ёндашилади, унинг қизиқишларидан келиб чиқиб, мактаб фанларини эркин танлаш имконияти берилади.
Ўқувчини суратга олиш мумкин эмас!
Яна бир қизиқ маълумот шуки, биз мактабларда бўлганимизда ўқувчиларни ҳатто суратга олишга ҳам рухсат беришмади. Юқорида айтиб ўтганимдек, болаларни ҳар томонлама ҳимоялаш қоидаси уларда қаттиқ амалда экан. Ҳатто ҳар бир мактабда ўқувчилар ҳимоясини ташкил этиш учун алоҳида “Мактаб кенгаши” тузилган.
Бир сўз билан айтганда, инглиз мактаблари фаолиятида биз ўрганишимиз керак бўлган жиҳатлар ва янгиликлар талайгина. Икки ҳафталик саёҳат давомида Англиядаги кўплаб мактабларга саёҳат қилдик ва бу танишув ва мулоқотлар биз ўйлаганимиздан ҳам муваффақиятли бўлди, деб айта олишим мумкин.
Равшан Бойиров,
Жиззах вилояти Зомин туманидаги 60-умумтаълим мактаби директори