Бугун Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамкорлигида “Интернет тармоғида болалар ва ёшларнинг жиноий фаолиятга жалб этишини олдини олиш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг болалар ҳуқуқлари бўйича вакили, EХҲТ, Бош прокуратура, ички ишлар органлари, болалар омбудсмани ҳамда тегишли ташкилот масъуллари иштирок этишди.
Давра суҳбати доирасида мутахассислар болалар ва ёшлар ўртасида, хусусан, интернет тармоғида жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича қонунчилик ва амалиётни ўрганиш, бу борадаги халқаро механизм ва стандартларни тақдим этиш, вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, кибержиноятчиликка жалб этилишнинг олдини олиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Тадбир сўнгида кибержиноятларга қарши курашиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ихтисослаштирилган бўлинмалари ходимларини жабрланган болаларни аниқлаш усулларига ўқитиш тизимини ишлаб чиқиш тавсия этилди.
Шунингдек, мактаб ўқувчилари ўртасида сўровномалар ўтказиб, профилактика тадбирлари ўтказишнинг кучайтирилиши белгилаб олинди.