Таълим туризми ривожи мамлакат тараққиётининг муҳим бўғинларидан биридир

19 октябрь 2023 йил
image

Айни кунларда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWТО) 25-Бош ассамблеяси доирасида қатор масалаларга доир учрашув ва мулоқотлар ташкил этилмоқда.

Бугун ўтказилган “Глобал таълим форуми туризмни ривожлантириш асоси” Форуми ҳам дунё давлатлари мутахассисларининг мавзуга доир фикрлари ва таклифларига бой ўтди. Энг муҳими, соҳа етакчилари ва экспертларининг таҳлилий маълумотлари тингловчилар томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди.

Тадбирда иштирок этган Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова яқин йилларда Ўзбекистонда мактабгача ва мактаб таълими соҳасида амалга оширилган ва режалаштирилаётган ишларга тўхталар экан, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида таълим соҳасига энг биринчи масала сифатида эътибор берилаётганлигини алоҳида қайд этиб ўтди.

Хусусан, таълим сифатини ошириш орқали яқин йилларда “Таълим учун қулай муҳит” дастурини амалга ошириш, умумий ўрта таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш, Ўзбекистон Глобал Инновацион Индексда Топ-50 талик мамлакатлар рўйхатига кириши учун Ўзбекистоннинг муҳим режалари билан ўртоқлашди.

Қизғин мулоқотлар шаклида ўтказилган Форумда таълим, фан ва туризм соҳасидаги инновацияларга доир долзарб масалалар жонли муҳокама қилинди, соҳага доир самарали таклифлар ўртага ташланди. Бу борада БМТнинг Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWТО) томонидан кўзланган режалар айтилиб, туризм индустрияси келажагини шакллантиришда таълим дастурларининг стратегияси ва роли, шунингдек, бу борадаги мақсадлар, қарашлар ва амалга оширилган ишлар хусусида маълумотлар берилди.

UNWTO бош котиби Зураб Пололикашвили ўз сўзи давомида ушбу муҳим форум бугунги кунда туризм таълими соҳасида дуч келаётган долзарб муаммоларга бағишланганлиги билан алоҳида катта аҳамиятга эга эканлигига урғу бериб ўтди. Хусусан, айни вақтда бутун дунёда янги технологиялар, жумладан, сунъий интеллект имкониятлари кўплаб қулайликлар яратаётган бўлса-да, бошқа қатор муаммоларни ҳам келтириб чиқараётгани, уларни самарали ҳал этиш учун туризмнинг янги авлодларини яратишда таълимнинг ўрни муҳим эканлигини таъкидлади.

Форум давомида иштирокчи давлатлар ўртасида таълим туризмини ҳамкорликда ривожлантириш борасидаги бошқа муҳим масалалар атрофлича муҳокама этилди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu