“Барқарор ривожланиш маданиятини тарғиб қилиш ва Ўзбекистон болалари ва ёшларини иқлим масалаларига жалб қилиш бўйича” Миллий стратегия қабул қилинди
Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида ёшлар ташаббуслари асосида ишлаб чиқилган Миллий стратегияни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икрамов, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, UNICEF ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамадзаде, UNESCOнинг Таълим бўйича мутахассиси Марико Фужисаwа қатнашишди.
Учрашувда, шунингдек Тошкент шаҳридаги 81-мактаб ва Муҳаммад ал Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари иштирок этишди.
Маълумот учун, мазкур икки мактаб ”Eco schools Uzbekistan" лойиҳаси доирасида Экологик таълим фонди (FЕЕ) 7 қадам дастурининг олий мукофоти — Яшил байроққа сазовор бўлишган.
Тадбир давомида масъуллар экологик муаммоларнинг нақадар долзарблиги ва ушбу қабул қилинаётган Миллий стратегиянинг аҳамияти ҳақида сўз юритишди.
Шунингдек, халқаро ташкилотлар, масъул вазирлик ва ёшлар иштирокида ишлаб чиқилган мазкур ҳужжатда:
- болаларда экологик муаммолар бўйича кўникмаларни ривожлантириш;
- мамлакатда иқлимбардош ва муқобил энергетика манбаларидан кенг фойдаланиш;
- озиқ-овқатни исроф қилмаслик ва чиқиндиларни қайта ишлаш;
- экологияни асрашга ўз ҳиссасини қўшганларни муносиб рағбатлантириш каби йўналишлар бўйича чора-тадбирлар белгиланаётганлиги таъкидланди.