Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан
“Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан ташкил этилган байрам тадбири
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан жорий йилнинг 29 сентябрь куни “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” га бағишланган байрам тадбири ташкил этилди.
Мазкур байрам тадбири доирасида куннинг биринчи қисмида
устоз-мураббийларнинг “Адиблар ҳиёбони”га ташрифи ва Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Куннинг иккинчи қисмида эса пойтахтимиздаги Халқаро анжуманлар саройида бир гуруҳ педагоглар иштирокида тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова томонидан бир гуруҳ педагоглар “Халқ таълими аълочиси” ва “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишонлари билан тақдирланишди.
Шунингдек 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан бир гуруҳ педагоглар давлат мукофоти билан такдирланишди.
Шундан сўнг юртимизда олиб борилаётган таълим ислоҳотларига бағишланган кўргазма, саҳна кўриниши ҳамда тантанали концерт дастури ташкил этилди.
Концерт аввалида иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг табриги ўқиб эшиттирилди.
Тадбирда сўнгги йилларда педагог кадрлар учун юртимизда кўплаб имкониятлар яратиб берилаётганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Жумладан:
- педагог ходимларнинг иш ҳақи 2 босқичда (2018 йил 1 сентябрь ва 2019 йил 1 январь) 1,5 бараварга оширилди.
- педагог-ходимлар томонидан юритиладиган ҳужжатлар сони кескин камайтирилди.
- жорий йилнинг 27 мартида педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутувчи Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди.
- шунингдек, таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш учун ҳам маъмурий жавобгарлик кучайтирилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги
Ахборот хизмати