Ҳурматли таълим тизими ходимлари!
Азиз ўқувчилар!
Аввало, барчангизни янги ўқув йили бошланиши муносабати билан чин дилдан табриклайман.
Сўзим аввалида шуни айтишни истардим: билим барча эшикларнинг калити, муваффақиятнинг асосидир. Бугунги кунда юртимизда таълимга жуда катта эътибор қаратилмоқда ва буларнинг барчаси баркамол авлодни тарбиялаб, етиштиришга қаратилган.
Янги ўқув йилида болажонларимизни кўплаб янгиликлар, хусусан бошланғич синфлар учун ишлаб чиқилган янги дарсликлар кутиб турибди. Буларнинг бари, умуман соҳада қилинаётган ҳар бир ислоҳот юртимиз эртаси бўлган фарзандларимизнинг иқболи учун амалга оширилмоқда.
Замон шиддат билан ривожланиб бормоқда ва улкан марраларни забт этишда мактаб таълимининг ўрни беқиёс. Бунда биз фидойи ва ўз ишининг устаси бўлган устозларимизга суянамиз.
Таътил кунларида биз педагог-кадрлар учун ўқув-семинарлар ташкил этдик ва касбий ривожланиш дарсларида ўзаро соҳадаги янгиликларни бўлишишларига замин ҳозирладик. Зеро, малакали ўқитувчи сифатли таълимнинг бошида туради.
Қадрли устозлар,
азиз ўқувчилар!
Янги ўқув йилида сизга омад ва зафар ёр бўлишини тилайман.
Фанларни чуқур ўрганиб, юрт корига ярайдиган фарзанд бўлиб етишишингизга тилакдошман!
Барчангизга муваффақият ёр бўлсин!