Савол: Мен инглиз тилидан дарс бериш учун умумтаълим мактабига ишга кирмоқчиман. Бу йил ишга киришда биздан Б2 даражадаги сертификат талаб этиладими?
Ушбу саволга Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Таълим сифатини баҳолаш, лицензиялаш ва аккредитациялаш департаменти ва Юридик бўлими ходимлари жавоб беришди.
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 19-майдаги "Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 312-сонли Қарори қабул қилинган.
Мазкур Қарорнинг 9-бандига мувофиқ:
– 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб, давлат таълим муассасаларининг хорижий тиллар ўқитувчилари лавозимларига ишга янги қабул қилинаётган талабгор камида Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши,
– 2024/2025 ўқув йилига қадар эса умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида фаолият юритаётган барча хорижий тиллар ўқитувчилари камида Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши лозимлиги белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили мактабларда хорижий тилларни ўқитиш жараёнининг давомийлигини таъминлаш, ўқитувчиларга имконият яратиш мақсадида Б2 даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлмаган чет тили фани ўқитувчиларини ишга қабул қилинмаслик хусусидаги талаб 2023/2024 ўқув йилидан кучга кириши белгиланган.