Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида Хитой Халқ Республикаси Тижорат вазирлиги ҳамда хитойнинг компютер ишлаб чиқарувчи компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда икки томонлама ҳамкорлик ва истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.
Маълумот учун, Хитой давлати томонидан “5-9-синфларда чет тили ва информатика фанларини ўқитиш сифатини ошириш” лойиҳасининг 2-босқичи доирасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига Хитой Халқ Республикаси томонидан 12 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағлари ажратилган.
Грант маблағлари Республикамиздаги 1303 та умумтаълим мактабларига жами 20 848 дона ўқув компютерлар етказиб бериш учун йўналтирилган ва айни вақтда мактаблар мазкур компютер тўпламлари билан босқичма-босқич таъминланмоқда.
Ўқув компютер синфлари тўпламларидан компютер ўқув ускуналарига эҳтиёжи мавжуд бўлган умумтаълим мактабларида чет тили ва информатика фанларини мукаммал ўргатиш учун дарс жараёнида ҳамда дарсдан ташқари ташкил этиладиган тўгаракларда доимий фойдаланилади.
Хитой Халқ Республикасидан Ўзбекистонга ташриф буюрган мутахассислар жойларда компютер ўқув ускуналарини сифатли ўрнатиш ишларини амалга оширишлари кўзда тутилган.