Масъулларнинг коррупцияга қарши курашишга доир билимларини оширишга қаратилган профилактик-тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда

23 июнь 2023 йил
image

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва тегишли мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда вазирлик тасарруфидаги ташкилотлар, таълим муассасалари ва ҳудудий бошқармаларида коррупцияга қарши курашиш, соҳа масъуллари томонидан турли қонун бузилиш ҳолатларини олдини олишга қаратилган профилактик-тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Бундан асосий мақсад, мактабгача ва мактаб таълими соҳасини коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш, коррупцияга қарши курашишда кенг жамоатчилик вакиллари иштироки ва ролини янада оширишдан иборатдир.

Мазкур турдаги тадбирлар куни кеча Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаларида ташкил этилди.

Профилактик тадбирларда ҳудудий мактаб ва мактабгача таълим бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари, вазирлик тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарлари, мактаб ва мактабгача таълими муассасалари директорлари, ҳудудий ҳокимликлар ва бошқа масъул ташкилотлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Ўтказилган тадбирларда давлат фуқаролик хизмати идораларида таъмагирлик, мансаб суистеъмолчиликлари ҳолатларини олдини олишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 595-сонли қарори ва вазирликнинг 2022 йил 21 октябрдаги 329-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Давлат фуқаролик хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидалари”нинг мазмун-моҳияти ва уларнинг тегишли бандларида белгиланган талаблар иштирокчиларга атрофлича тушунтириб ўтилди.

Шунингдек, бугунги кунда соҳада асосий эътибор - коррупцияга қарши курашишда профилактик тадбирлар самарадорлигини тубдан ошириш бўйича белгиланган вазифалар ижросига ҳамда салбий ҳолатларни келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, уларни бартараф этишга қаратилганлиги алоҳида қайд этилди. 

Ҳудудларда “Коррупциясиз соҳа” дастурларини жорий этиш ва соҳалар қамровини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган вазифалар самарадорлигини янада ошириш лозимлиги таъкидланди. 

Тошкент вилоятидаги тадбирда намойиш этилган ҳамда содир этилган коррупцион жиноятларнинг аянчли оқибатларидан ҳикоя қилувчи “Нафс исканжаси” номли видеофильм соҳа мутасаддилари томонидан қизғин муҳокама қилинди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu