“Хайр боғча - салом мактаб!” байрам тадбири кўтаринки руҳда нишонланди

25 май 2023 йил
image

“Хайр боғча - салом мактаб!” байрам тадбири кўтаринки руҳда нишонланди

Бугун “Халқлар дўстлиги” санъат саройида "Хайр боғча - салом мактаб!” номли мусиқий тадбир ташкил этилди.

Кўтаринки руҳда ўтган тадбирда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, мактаб ўқувчилари ҳамда ўзбек эстрадаси юлдузлари иштирокида саҳна кўринишлари, концерт дастури намойиш этилди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова болаларга йўллаган табригида уларнинг мактаб даврига қўяётган илк қадамлари катта ҳаётга дебоча эканлиги ҳақида сўз юритар экан, юртимизда олиб борилаётган таълим соҳасига оид ислоҳотларнинг марказида мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига қаратилаётган эътибор ҳам алоҳида ўрин тутишини қайд этиб ўтди.

Мактабгача таълим тизимида илк бор ўтказилган тадбирдан кўзланган асосий мақсад, таълим босқичларининг узлуксизлиги ва изчиллигини таъминлаш ҳамда мактабгача ва мактаб таълими интеграциясини йўлга қўйишдан иборат.

"Хайр боғча - салом мактаб!” кейинги йилдан Республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бугунги кунда юртимизда фаолият юритаётган 30 мингга яқин мактабгача таълим ташкилотларида 2 миллиондан ортиқ болалар таълим-тарбия олишмоқда. Шундан 2022-2023-ўқув йилида мактабгача таълим ташкилотларини 563 331 нафар тарбияланувчи битиради.

Уларнинг 442 644 нафари давлат, 22 017 нафари Давлат-хусусий шерикчилик асосидаги нодавлат, 83 538 нафари оилавий ҳамда 15 132 нафари хусусий Мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларидир.

Байрам дастури давомида намойиш этилган эл севган санъаткорлар ва болалар томоша гуруҳлари иштирокидаги мусиқий чиқишлар болажонларга катта завқ улашди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu