Бугун Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 4 апрелдаги “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда мазкур қарор ижроси юзасидан масъул вазирлик ва идоралар масъул ходимларининг ахбороти эшитилди.
Тадбирда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Азамат Камолов ўтган вақт давомида вазирлик тизимидаги таълим муассасаларида бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот бериб ўтди.
Таъкидланганидек, айни вақтда йўл ҳаракати хавфсизлиги кўникмаларини доимий шакллантириб бориш мақсадида “Тарбия”, “Математика”, “Табиий фанлар”, “Она тили”, “Технология”, “Тасвирий санъат”, “Мусиқа маданияти”, “Давлат ва ҳуқуқ асослари” фанлари орқали ўқувчиларга йўл ҳаракати қоидалари тўғрисида маълумотлар бериб борилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда 1-8-синф ўқувчилари учун “Йўл ҳаракати қоидалари” бўйича ўқув қўлланмалари ишлаб чиқилди. “Илк қадам” давлат ўқув дастурига асосан, 2022-йил ноябр ойида мактабгача таълим ташкилотларида “Транспорт, йўл ҳаракати қоидалари, ҳаёт хавфсизлиги асослари” ойлиги деб эълон қилиниб, мазкур ойлик давомида “Транспорт билан танишув”, “Светофор”, “Ер усти транспорти”, “Ҳаво, сув ва ер усти транспорти”, “Эҳтиёткор пиёда ҳафтаси”, “Фавқулодда ёрдам хизматлари” мавзулари доирасида тарбияланувчиларга илк билим ва тушунчалар берилди.
Мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган “Яшил чироқ” мусобақаларига ўқувчилар қамрови янада оширилиб, “Яшил ранг”, “Йўл ҳаракати қоидалари билимдони”, “Энг намунавий йўловчи” каби викторина мусобақалари уч босқичда (мактаб, туман (шаҳар), вилоят) ўтказиб келинмоқда.
Айни вақтда умумтаълим мактабларида 9-11-синф ўқувчиларидан иборат 7 299 та “Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси” клублари фаолияти йўлга қўйилган. Мазкур тарғиботчилар томонидан ҳозирга қадар 11 526 та тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этилди.
Йиғилиш доирасида ўқувчилар билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисаларини олдини олиш самарадорлигини янада ошириш бўйича келгусида оширилиши режалаштирилаётган ишлар хусусида ҳам атрофлича маълумот бериб ўтилди.