Савол: Мен “Механика ва математик моделлаштириш, тадқиқотчи, педагог” йўналишида магистр дипломига эгаман. Мазкур диплом асосида умумтаълим мактабида информатика фанидан дарс ўта оламанми?
Ушбу саволга Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Юридик бўлими ходимлари жавоб беришди.
Жавоб: Вазирликнинг 07.12.2019-йилдаги 393-сонли буйруғи билан тасдиқланган "Халқ таълими ходимлари асосий лавозимларининг малака тавсифлари"га асосан мактаб ўқитувчиси учун қуйидаги малака талаблари белгиланган:
Бошланғич синф ўқитувчиси учун - бошланғич таълим ихтисослиги бўйича камида ўрта махсус педагогик маълумот ёки камида бакалавр даражасидаги олий маълумот ва бошланғич таълим ихтисослиги бўйича дарс бериш ҳуқуқи билан касбий қайта тайёрлов курсини тугатганлик;
Фан ўқитувчиси учун - фан йўналишига тўғри келувчи камида бакалавр даражасидаги олий педагогик маълумот ёки камида бакалавр даражасидаги олий маълумот ва фан йўналишига тўғри келувчи дарс бериш ҳуқуқи билан касбий қайта тайёрлов курсини тугатганлиги ёхуд фан йўналишига (хусусиятига) тўғри келувчи камида бакалавр даражасидаги олий маълумот ва педагогик фаолият юритиш ҳуқуқи билан қайта тайёрлов курсини тугатганлик.
Юқоридаги ҳолатда дипломингизда қайд этилган “Механика ва математик моделлаштириш, тадқиқотчи, педагог” мутахассислиги таянч ўқув режага асосан умумтаълим фанлари тоифасига кирмаслиги сабабли амалдаги мутахассислигингиз мактабларда тегишли фанлардан дарс бериш ҳуқуқини бермайди. Мактабда педагогик фаолият олиб бориш учун ўрнатилган тартибда қайта тайёрлов курсини тугатиб, тегишли йўналиш бўйича диплом олишингиз лозим бўлади