Ҳукуматнинг тегишли қарорига мувофиқ, мамлакатимиздаги умумтаълим муассасалари рейтингини аниқлаш жараёнига оид назорат ишлари ва ижтимоий сўровномаларни ўтказиш тартиби белгиланди.
Бунга кўра, малакали мутахассислар ҳамда экспертлар иштирокида мактаблар рейтингини аниқлашга доир креативлик ва мантиқий фикрлашга йўналтирилган назорат материаллари ҳамда сўровнома саволлари тайёрланган.
Хабарингиз бор, 2022 йил 21 декабрда собиқ Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва вазирлик томонидан баҳолаш рейтингида иштирок этувчи 1001 та, жумладан:
Қорақалпоғистон Республикасидаги — 70 та;
Андижон вилоятидаги — 75 та;
Бухоро вилоятидаги — 52 та;
Фарғона вилоятидаги — 95 та;
Жиззах вилоятидаги — 56 та;
Наманган вилоятидаги — 71 та;
Навоий вилоятидаги — 37 та;
Қашқадарё вилоятидаги — 121 та;
Самарқанд вилоятидаги — 127 та;
Сирдарё вилоятидаги — 31 та;
Сурхондарё вилоятидаги — 95 та;
Тошкент шаҳридаги — 33 та;
Тошкент вилоятидаги — 86 та;
Хоразм вилоятидаги — 52 та мактаб қуръа ташлаш йўли билан танлаб олинган.
Жорий йилнинг 20 май кунига қадар вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари ҳамкорлигида мазкур таълим муассасалари ўқувчилари ва ўқитувчилари иштирокида ижтимоий сўровнома ва назорат ишлари ўтказилади.
Ўрнатилган тартибга кўра, жорий йилдан бошлаб баҳолаш рейтингида нодавлат таълим ташкилотлари ҳам иштирок этишлари кўрсатиб ўтилган.
Баҳолаш жараёнларини адолатли ва шаффоф ўтказилишини назорат қилиш вазирликнинг масъул ходимлари томонидан амалга оширилади. Шунингдек, шаффофликни тўла таъминлаш мақсадида бир нафар ота-оналар вакили кузатувчи сифатида иштирок этади. Назорат ишларини ўтказиш жараёнлари тўлиқ видео тасвирга олинади ҳамда 1 йил давомида сақланиши таъминланади.
Назорат ишлари она тили ва адабиёти, математика ва кимё фанларидан ўтказилади.
Шу билан бирга ўқувчилар ва ўқитувчилар иштирокида ижтимоий сўровномалар ташкил этилади.
Ўқувчиларга она тили ва адабиёт ҳамда математика-кимё фанларидан тест саволларини ечиш учун 100 дақиқа, ўқитувчиларнинг билимини текшириш мақсадида тегишли фанларга оид ўтказиладиган тест саволларини ечишга 20 дақиқа вақт ажратилади. Сўровнома саволларига жавоб бериш учун ўқувчиларга 10-15 дақиқа, ўқитувчиларга 20-25 дақиқа вақт берилади.
Умумтаълим муассасалари миллий рейтинги ўтказилган ижтимоий сўровнома ва назорат ишлари натижалари ҳамда рейтинга алоқадор маълумотлар таҳлил қилинади.
Таҳлил натижалари асосида 2022 йил якунлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек туман (шаҳар) кесимида умумтаълим муассасаларининг рейтинги ҳамда туман ва шаҳарларнинг таълим сифати бўйича рейтинги тайёрланади ҳамда янги ўқув йили бошланишидан олдин оммага эълон қилинади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ахборот хизмати