ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ: ТАЪЛИМГА ОИД МУҲИМ МАЪЛУМОТЛАР

5 май 2023 йил
image

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ: ТАЪЛИМГА ОИД МУҲИМ МАЪЛУМОТЛАР

Ўзбекистон Республикасининг янги Конституцияси таълим соҳасига оид бир нечта моддаларни ўз ичига қамраб олади.

Хусусан, Конституциянинг 44-моддаси иккинчи қисмида болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланиши белгиланган.

Шунингдек:

- Ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга ва Давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлайди. Умумий ўрта таълим мажбурийдир (50-модда).

- Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.

-  Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади (52-модда).

-  Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар обектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратади, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашади, уларга зарур бўлган ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлайди (57-модда).

- Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар (77-модда).

- Давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади (79-модда).

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu