ОАВ биз ҳақимизда

.

ТАЪЛИМ МАЗМУНИ ЯРАТУВЧАН ВА МАСЪУЛИЯТЛИ ФУҚАРО ПОРТРЕТИНИ МЎЛЖАЛГА ОЛГАН

17 февраль 2020 йил
image

Сўнгги ўн йилликларда инсон интеллектининг аҳамияти ошиб, иқтисодиёт билимга асосланган саноатлар ихтиёрига ўтмоқда. Янги технологиялар ва рақамли тармоқда ахборот оқимининг тезлашиши ва таҳлил қилиниши, билимнинг кенг ҳажмда ишлаб чиқарилиши, тезкор ёйилиши кузатилмоқда. Жаҳоннинг аксар мактаблари ўқувчиларни саноат даври учун тайёрлашаётган бир пайтда, жамият аллақачон ахборот технологиялари даврида яшамоқда. Бу даврга мос кадрларни етиштириш таълим тизимини қуйидан ислоҳ қилишни талаб қилади. Вақт, ресурс ҳамда саъй-ҳаракат ҳисобга олинса, юқори малакали кадрни вояга етказиш ҳар бир давлатга қимматга тушмоқда. Ақлий меҳнат соҳаларида ахборотни англаш ва ўзлаштириш жуда муҳимлиги, бундай кўникмаларни болаликданоқ шакллантириш зарурати мактаб таълимини мамлакатнинг ҳаёт-мамот масаласига айлантирди.  

Ўзбекистон Республикасининг таълим соҳасидаги бугунги ислоҳотлари натижасида яқиндагина халқ таълими тизимига "Президент мактаби", "Ижод мактаби", "Замонавий мактаб" тушунчалари кириб келмоқда, янги мактаблар қурилиши учун тарихда кузатилмаган миқдорда маблағлар ажратилмоқда. Албатта, замонавий таълим масканларидаги ўқувчиларнинг тақдирини таълим мазмуни, ўқитувчининг педагогик маҳорати белгилаб беради. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида мактаб ўқув дастурларини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш, ўқув юкламалари ва фанларни қайта кўриб чиқиш, уларни халқаро стандартларга мослаштириш, дарслик ва адабиётлар сифатини ошириш зарурлиги таъкидланди. 

Касблар сони чегараланган, инсон қобилиятининг бугун эгалланган сарҳадлари ҳали номаълум бўлган даврларда, мактабнинг вазифаси одамларни саводли қилишдан, уларга билим беришдан иборат бўлган. Бугун эса ҳар биримиз ҳаёт тарзимиз, ишлашимиз ва ўзаро муносабатимизни тубдан ўзгартирган технологик инқилоб жараёнига гувоҳ бўляпмиз. Бу жараён кўлами, мақсади ва мураккаблигига кўра, инсоният шу вақтгача бошидан ўтказган ўзгаришларга ўхшамайди. Натижада, бугунги ўзгаришларга мослашиш, ўзгаришларни бошлаб бериш учун саводли бўлишнинг ўзи кифоя қилмайди. 

Бугун таълим концепциясини ишлаб чиқишда мактабни саводли инсон тайёрловчи институтдан, кўникма шакллантирувчи институтга айлантириш тамойилига таянилмоқда. Натижада, мактаб жамият XXI аср мутахассисидан талаб қилаётган кўникмалар шаклланадиган ҳал қилувчи масканга айланди. 

Ўтган йиллар мобайнида халқ таълими тизимида йўл қўйилган камчиликлардан бири – мактаб таълимини қамраб олувчи ва  мазмунини яққол ифодалайдиган яхлит дастур ишлаб чиқилмаган. Ўқувчи мактабни битиргунига қадар эгаллайдиган кўникмалари, билимлари билан бирга, ўқитувчиларга ўқувчиларнинг ўзлаштиришини кузатишлари ва ёрдамлашишлари учун меъёрлар жам қилинган ягона таълим дастурининг самарадорлиги қатор мамлакатлар тажрибасида ўзини оқлаган.    

Шуни ҳисобга олиб, айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги бошчилигида Миллий ўқув дастурининг лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Мазкур ҳужжат замонавий ўқувчи эгаллаши керак бўлган тўрт муҳим жиҳатнинг ривожланишини таъминлайди. Булар – танқидий фикрлаш, ижодий ёндашиш, ҳамкорлик ўрнатиш ва мулоқот  қилиш кўникмалари. Миллий ўқув дастурида мактаб битирувчисига талаблар, ўқув юкламалари, ўқитиш методикаси ва баҳолаш тизими белгилаб берилади. 

Бугунгача мактаб ўқувчиси ўзлаштираётган 21 та фанларга оид 51 та компетенцияни эгаллаши лозим бўлган. Уларнинг аксарияти бир-бирини такрорлаган, аниқ ифодаланмаган эди. Халқаро тажрибани ҳисобга олиб, хусусан Буюк Британиянинг Кембриж университети мутахассислари иштирокида бу талаб қайта кўрилди. Миллий ўқув дастурида фанларнинг мақсадидан келиб чиқиб, ўқувчига бешта: филология, ижтимоий-гуманитар, аниқ, табиий ва иқтисодий ва амалий фанлар йўналишлари бўйича ягона талаб қўйилади.

Миллий ўқув дастурини тайёрлашда яна бир муҳим жиҳат ҳисобга олинди – энди ҳар бир синф бўйича ўқувчининг ўқув фаолияти натижаларига қўйиладиган талаблар, яъни ўқув йили якунида ўқувчи қандай кўникмага эга бўлиши белгиланади. Амалдаги таълим стандартларида бу кўзда тутилмаган бўлиб, битирувчига нисбатан умумий талаб қўйилган. Бу эса ўқувчидаги ривожланишни баҳолашда қийинчилик туғдирган.

Ҳар бир синф кесимида мавзуларнинг аниқ-тиниқ белгилаб берилиши ўқитувчида ўқувчининг ўзлаштиришини баҳолашга, янги мавзуга ўтганда аввалги мавзуни тушунмаганлик эҳтимолини камайтиришга ёки бир хил мавзуни бир неча маротаба такрорламасликка хизмат қилади. Бу йўналишда хорижий тажриба ўрганилганида, ривожланган давлатлар таълим стандартларида фанга оид дарсликнинг муайян қисмида ўқувчининг нима ўрганиши ҳам тасвирлангани маълум бўлди. Келгусида бу тажрибани ҳам фаолиятимизда татбиқ этиш режаси мавжуд.    

Тадқиқотлар мактаб ўқувчиси уйга вазифа учун икки соатдан ортиқ сарфламаслиги зарурлигини кўрсатмоқда. Ўқув юкламаларининг кўпайиши ўқувчида тушкунлик, зўриқиш, жисмоний носоғломлик ҳамда ўзлаштиришида мувозанатнинг бузилишига, дарс сифатининг пасайишига сабаб бўлади. 

Ўқув юкламаларининг мақбуллаштирилиши ўқувчининг фанни яхши ўзлаштиришига хизмат қилади. Амалиётда 5-синф ўқувчиларига 17 тагача фаннинг ўқитилгани кузатилган. Бугун мактабларимиздаги фанлар сони ҳам қайта кўриб чиқилмоқда. Аксарият ривожланган давлатларда ўқувчилар ўртача 12 та фанни ўзлаштирадилар. Шуни ҳисобга олиб, 2019-2020 ўқув йилининг 3-чорагидан бошлаб, 10-11-синфларда вариатив ўқув режа тажриба-синови бошланди. Бунда ўқувчи мажбурий фанларни режали ўқишдан воз кечиб, қизиқишларига кўра танлов йўналишига киритилган фанларни ўқийди. Натижада, ўқувчилар яхши кўрган, қизиққан фанларни ўқийди, ўқишга мотивацияси ошади ва шу билан бирга битирувчиларнинг олий ўқув юртига кириш имтиҳонлари учун тайёргарлик кўришларига имконият яратилади.

Мактабни тамомлаётган боланинг хотирасида бу ерда олган билимларининг бир қисмигина қолади. Аммо ўн бир йиллик таълим мобайнида орттирилган кўникмалардан ҳар бир инсон умри давомида фойдаланади. Альберт Эйнштейн айтгани каби, таълим – мактабда ўрганганларимизни унутгач, ёдимизда қоладиган кўникмадир. Янгилик ва кашфиётлар энг кўп қилинаётган давлат фуқаролари "яратувчан ноу-ҳау кўникмалари"га эга, яъни улар инновацион фикрлаб, янгилик киритиш иштиёқи билан яшашади.      

Бугун кўпчилик давлатлар шахсда ҳаёт учун зарур кўникмаларни шакллантиришни мўлжалга олган мактаб таълимини жорий қилишмоқда. Бундай таълимнинг битирувчиси турли вазиятларда масъулиятни қўрқмай зиммасига олишига, ғайрат ва ирода билан муаммога ечим топишига ёрдам берадиган билим ва кўникмаларни эгаллаши керак. Билишга оид кўникмалар сирасига танқидий фикрлаш, муаммоларни ечиш, билимларни қўллаш, яратувчанлик ва тадбиркорлик, шунингдек шахсий кўникмалар сирасига мулоқот қилиш ва ҳамкорлик ўрнатиш, етакчилик, мустақил ўрганишга бўлган иштиёқ каби кўникмаларни келтириш мумкин. Айни пайтда ривожланган давлатлардан Канада, Германия, Швейцария, шунингдек ривожланаётган давлатлардан Вьетнам шундай таълим тизимига ўтган. 

Болаларда бундай кўникмаларни шакллантиришда ҳар хил усуллардан фойдаланилмоқда. Хусусан, Хитойда дарсликларга PISA (Ўқувчиларни баҳолашнинг халқаро дастури) тестларини жорий қилиш, Австралияда онлайн платформалар орқали ўқувчиларнинг танқидий фикрлаш кўникмаларини баҳолаш, Сингапурда бу кўникмаларни ўргатишни таълим дастурларига киритиш маъқул кўрилган. Сингапур тажрибасига кўра, аввал ўқувчида замон талаб қилаётган кўникмаларни шакллантирувчи дарслик яратилади, шундан сўнг педагогларнинг билим ва малакаси оширилади.  

Халқ таълими вазирлиги томонидан дарсликларни яратишнинг мақбул механизмлари синовдан ўтказилмоқда. Янгидан тузилаётган дарсликларда ўқувчининг технологик ва медиа кўникмаларга эга бўлиши, яратувчанлик ва тадбиркорлик руҳида камол топиши, ахборотни таҳлил қилиши, янги ечимларни илгари суриши, ўзгаришларга тез мослашишига ёрдам берадиган билим ва кўникмалар киритилмоқда. Бунда STEAM фанларини ўқитиш такомиллаштирилаётганини муҳим стратегия дейиш мумкин.    

Сўнгги 50 йилдирки илм ва технология турмуш тарзимизни ўзгартираётган, жамиятни ривожлантираётган драйвер вазифасини ўтаб келмоқда. Жаҳондаги йирик компанияларнинг фаолияти ҳам илмий фанлар, хусусан физика, технология, муҳандислик, математикага асосланган. Шу билан бирга, билимларни ижодий ёндашиш орқали ҳаётда қўллашда санъатнинг ўрни юқори. Дунё миқёсида мамлакатлар таълими шу фанларни -- STEAM таълимини ўқитишга ихтисослашмоқда. Бутун жаҳонда STEAM таълими ишсизлик ва қашшоқликнинг олдини оладиган ечим сифатида кўрилмоқда. Сабаби мазкур фанлар билан боғлиқ иш ўринлари сўнгги ўн йилда ўртача 14% га ортган, яъни бошқа меҳнат соҳаларига қараганда ўсиш суръати 5-8% га юқори. Шуни ҳисобга олиб, мамлакатимизда ҳам ушбу фанларни ўқитишда янгича ёндашувлар жорий қилинмоқда. 

Тадқиқотлар бугунги ўқувчиларда кўриб тушуниш қобилияти ривожланиб бораётганини кўрсатмоқда. Янги дарсликларда тузувчилардан билимларни визуал маълумот орқали етказишга эътибор бериш сўралмоқда. 2019 йилдан бошлаб дарсликларга "QR-код" функцияси жорий қилинди. Бу орқали ўқувчи мавзу батафсил ёритилган интернет манбаларга йўналтирилади. Шунингдек, янги авлод дарсликларида "тўлдирилган борлиқ" технологиясидан фойдаланиш кўзда тутилган. Энди смартфон ёки бошқа девайслардан таълим олишда самарали фойдаланиш мумкин бўлади. Интерактив рақамли дарсликлар ўқувчининг диққатини сақлашга, кўриб тушунишга ёрдам беради.

Бугун мамлакатимиз таълим тизими олдига яратувчан ва ижодий фикрлайдиган инсонни вояга етказиш, унда тадбиркорлик кўникмасини, шунингдек зарур пайтда масъулиятни зиммасига олиш фазилатини шакллантириш талаби қўйилмоқда. Бу фуқаро янги ғояларни олға суради, янги хизмат ва маҳсулотларни яратади, шунинг баробарида, одамларни иш билан таъминлаб, ўзига ва жамиятга наф келтиради. Халқ таълими тизимида замонавий таълим мазмунини ишлаб чиқишда айнан ана шу фуқаро портрети мўлжалга олинган, назарда тутилган.      

Шуҳрат Сатторов, 

Ўзбекистон Республикаси 

Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги 

Республика таълим маркази 

директори ўринбосари

 

"Янги Ўзбекистон" газетасининг  2020 йил, 14 февраль сонида чоп этилган

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu