Ассалому алайкум! Мана, 2020-2021 ўқув йили ҳам ниҳоясига етишига саноқли кунлар қолди. Бугун кўплаб ўқувчи ва ота-оналардан мактабдаги якуний имтихонлар бу йил ҳам бекор қилинадими деган саволлар келиб тушмоқда.
Гувоҳи бўлаётганингиздек, бугун ўқувчилар ўртасида Республика ва Халқаро Олимпиадалари ҳам бекор қилинмаган ва ўқувчилар уларда иштирок этиб, кўплаб муваффақиятли натижаларни қайд этишмоқда. Шу ўринда имтихонлар ўқувчиларнинг кўпроқ ўз устиларида ишлаши, йил давомида олган билимларини янада мустаҳкамлаши ва оширишига хизмат қилишини алоҳида қайд этмоқчимиз.
Шу боис, жорий йилда ҳам ўтган йилдаги каби мактаблардаги якуний имтихонлар бекор қилинадими деган саволга, Йўқ бекор қилинмайди. Бу йил барча умумтаълим мактабларида босқичли назорат ва якуний давлат имтиҳонлари ўтказилишини маълум қиламиз.
Имтиҳонлар ўқувчиларнинг соғлигини ҳимоялаш ва карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказилиши назоратга олинади. Жумладан, имтиҳонлар ўтказилишидан олдин таълим муассасаларида дезинфекция ишлари олиб борилади, ўқувчилар имтиҳонларга санитар-гигиена қоидаларига риоя этган ҳолда ҳимоя воситасида (тиббий ниқоб) киритилиб, бинога киришдан аввал тиббий ходимлар томонидан уларнинг тана ҳарорати ўлчаланади ва оралиқ масофани сақлашлари таъминланади.
Имтиҳонлар ўқув йили яунланганидан сўнг, яъни 25 майдан кейин ўтказилади. Ҳар бир мактабда имтиҳонлар бошланишидан камида 10 кун олдин имтихон ўтказиш жадвали барча учун кўринадиган жойига осиб қўйилади.
Кейинги савол: Имтихонлар қайси синф ўқувчилари учун ўтказилади?
Жавоб: 26 майдан- 2 июнга қадар 5,6,7,8 ва 10-синф ўқувчилари учун босқичли назорат имтиҳонлари, 26 майдан 15 июнга қадар 9 ва 11-синф битирувчилари учун якуний давлат имтиҳонлари оғзаки, ёзма ҳамда тест синовлари шаклида ўтказилади.
Савол: Якуний имтихонларга тайёргарлик кўриш учун саволларни қаердан ва қандай олса бўлади? Улар пулликми?
Жавоб: Имтиҳон саволлари ва материаллари мутлақо бепул. Аввалроқ Имтиҳон билетлари ва намунавий саволлар Халқ таълими вазирлигининг расмий телеграм канали @uzedu жойлаштирилган. Бугун ҳам ушбу каналга билетлар қайта жойлаштирилади ва уларни ушбу каналдан олишингиз мумкин.
Савол: Ўқувчилар якуний имтиҳонлардан қандай ҳолларда озод этилиши мумкинми?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ Тиббий-маслаҳат комиссиясининг хулосаси ва умумтаълим муассасасининг педагогик кенгаши қарори билан ўқувчилар имтихонлардан озод этилиши мумкин.
Ўқувчиларга синфдан синфга кўчириш имтиҳонлари ва якуний давлат аттестациясидан озод бўлиш ҳуқуқини берувчи касалликлар рўйхати Халқ таълими вазирининг 2008 йил 4 мартдаги 56-сонли буйруғи билан тасдиқланган Низомда белгиланган.
Шунингдек халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари, мусобақалари ҳамда бошқа кўрик-танловлардаги иштироки мактабдаги имтихон муддатларига тўғри келиб қолган тақдирда, улар имтихонлардан озод этилади.
Савол: Имтиҳондан қониқарсиз баҳо олган ёки ўта олмаган ўқувчилар синфдан-синфга қолдириладими?
Жавоб: Амалдаги Низомга кўра, бир ёки икки фандан ўтказилган якуний аттестацияда қониқарсиз баҳо олган битирувчиларга охирги якуний аттестациядан кейин икки ҳафта ўтгач қайта якуний аттестациядан ўтиш ҳуқуқи берилади.
Йиллик баҳо ва якуний аттестация натижаларига кўра, умумий ўрта таълим давлат таълим стандартлари талабларини бажармай, «қониқарсиз» баҳо олган битирувчилар шу синфда қайта ўқишга қолдирилади.
Савол: Имтиҳон жараёнида ўқувчиларга ёрдамчи воситалардан фойдаланишга рухсат бериладими?
Жавоб: Босқичли назорат имтиҳони жараёнида ўқувчилар томонидан имтиҳонни муваффақиятли топширишга ёрдамчи воситалардан (харита, глобус, жадваллар, чизмалар, муляж, гербарий, препаратлар, лаборатория асбоб-ускуналари ва ҳоказолардан) фойдаланишга рухсат этилади.
Сўнгги савол: Мактаб карантинга ёпилган бўлса имтиҳонлар бекор қилинадими?
Жавоб: Йўқ бекор қилинмайди. Мактабда карантин муддати тугаганидан сўнг, юқорида қайд этилганидай, имтиҳонлар карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ўтказилади.
Фурсатдан фойдаланиб, мактаб маъмуриятларидан имтихонларни адолатли ва шаффоф ташкил қилиш чораларини кўришларини, турли ноқонуний йиғимларни олдини олишларини сўраймиз! Ўқувчиларимизга эса имтихонлардан муваффақиятли ўтишларида омад тилаб қоламиз.
Эътиборингиз учун раҳмат!
Ҳайр саломат бўлинг!