Маърузалар

.

ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРИ У.И.ИНОЯТОВНИНГ МАЪРУЗАСИ

31 декабрь 2020 йил
image

Ҳурматли туман(шаҳар), вилоят халқ таълими бошқарув идоралари чет тили методистлари, вилоят малака ошириш институтининг чет тили ўқитувчилари !

Мен бугун Сизлар билан Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги "Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-чадбирлари тўғрисида(ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси тўғрисида гаплашмоқчиман.

Мазкур қарорда биласиз-ки, ўсиб келаётган ёш авлодни чет тилларга ўқитиш, шу тилларда эркин сўзлаша оладиган мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш,уларнинг жаҳон цивилизацияси ютуқлари ва ахборот ресурсларидан кенг кўламда фойдаланишлари, халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантиришлари учун имкониятлар яратиш бош мақсад этиб белгиланган.

Ушбу мақсадда Узлуксиз таълим тизими учун чет тилларидан Давлат таълим стандартлари яратилиб, тасдиқланди ва 2013-2014 ўқув йилидан мактабларда чет тиллари 1-синфдан бошлаб ўқитила бошланди.

Мазкур ДТС ва ўқув дастури асосида 1 ва 2 синфлар учун дарслик мажмуалари (дарслик, ўқитувчи китоби, машқ дафтари ва DVD диск) яратилиб чоп этилди ва ўқувчиларга бепул етказиб берилди. 

Бугунги кунда чет тилларидан 3-синфлар учун яратилган дарслик мажмуалари тажриба-синовдан ўтказилмоқда. Амалдаги 5-9-синфлар дарсликлари янги Давлат таълим стандартлари асосида қайта ишланиб, чоп этилиб, улар ҳам бепул жойларга етказилмоқда.

Бошланғич синфларда чет тилларини ўқитиш учун 17222 та чет тили хоналари тайёрланди ва уларнинг барчаси DVD-магнитола, ўқув-кўргазмали қуроллар, луғат ва адабиётлар билан таъминланди. Ўтган йили 6650 та бошланғич синфларга ноутбук компьютерлар, проектор ва бошқа техник воситалар ва 1500 та 5-9-синфлар учун жиҳозлар етказилган бўлса, бу йил 6624 та чет тили хоналарига техник воситалар ва жиҳозлар етказиб берилади.

2015 йил 1 мартдан бошлаб, амалдаги малака ошириш тизимига қўшимча равишда, барча туманларда, ўқитувчиларнинг ўз ҳудудларида ҳафтада бир марталик узлуксиз малака ошириш курслари ташкил этиш чоралари кўрилди. Доимий ишлайдиган ушбу курсларга бир йилда                 20  минг нафар ўқитувчилар қамраб олинади.

Ушбу курсларини сифатли ташкил этиш учун барча туманлардан энг юқори малакага эга бўлган 732 нафар тажрибали ўқитувчилар саралаб олиниб, жорий йил 26 январь-6 февраль кунлари шу институтда 36 соатлик махсус курсда тренер сифатида тайёрланди.

Ушбу тренерлар энг замонавий техник воситалар билан жиҳозланган 552 та таянч мактабларда ҳафтада 1 кун 6 соатдан инглиз тили ўқитувчиларни ўқитади. Унда ўқитувчининг оғзаки нутқ кўникмаларини ва ёш болалар билан ишлаш методикасини ривожлантириш, уларни чет тилларидан халқаро даражадаги талаблар асосида тайёрланган тестларга тайёрлашга эътибор қаратилади.  

Ушбу малака ошириш курслари учун ўқув дастурлари, қўлланма ва тарқатма материаллар ЎзДЖТУ қошидаги иновацион марказ томонидан тайёрланмоқда.  Ушбу жараён ҳудудларда Халқ таълимининг ҳудудий малака ошириш институтлари томонидан мувофиқлаштириб борилади.

Эришиладиган натижалар асосида ўқув дастурлари такомиллаштирилади ва шу тариқа чет тили ўқитувчиларининг сифат таркиби яхшиланиб боради.

Яна бир янгилик,ҳар бир мактаб ва туманда инглиз тили ўқитувчилари орасида (Йилнинг энг яхши инглиз тили ўқитувчиси( кўрик–танловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Низом ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ чет тили ўқитувчилари моддий ҳамда маънавий рағбатлантирилади. Вилоят босқичи ғолиблари Европадаги тил ўргатиш марказларига тажриба алмашиш хизмат сафарларига юборилади.

Буларни ўз вақтида ва сифатли ташкил этиш ҳаммамизга, айниқса шу залда ўтирган вилоят, туман чет тили методистларига ва вилоят малака ошириш институти чет тили бўйича масъулларига алоҳида боғлиқ. Жумладан,

Курсларга тингловчиларни қабул қилиш ва расмийлаштириш туман таълим бўлимлари рўйхатлари асосида тегишли ҳудудий институт ректорининг буйруғи билан  амалга оширилади.

Машғулотларни ўтказиш сифатининг назоратитегишли ҳудудий институтлар билан биргаликда, ҳудудий таълимни бошқариш органлари томонидан амалга оширилади, туман таълим бўлимлари эса тингловчиларнинг ҳар ҳафталик курслардаги давоматини таъминлайдилар.

Ўтказилган дарслар ва тингловчиларнинг давомати қатъий ҳисобда турувчи ҳужжат(журнал)ларда тренерлар томонидан қайд этилади, ҳудудий институтлар билан биргаликда туман таълим бўлимлари томонидан назорат қилинади.

Шу каби вазифалар бугун сизларга тушунтирилади. Тушлик тайёрланган, кейин инглиз тилидан билим даражангиз ва методистилик маҳоратингиз синовдан ўтказилади ва ўз касбига лойиқ деб ҳисобланганлар, ЎзДЖТУ қошидаги инновацион марказда 144 соат ҳажмида малакасини оширади.

Мен Сизларнинг ушбу масъулиятли топшириқларни уддалашларингизга ишонаман.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu