Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Ички аудит ва молиявий назорат бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан ҳисобот даври давомида тизим муассасаларида бюджет қонунчилигини бузиш ҳолатлари профилактикасини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида жами 97,3 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган. Шундан, жами 29 055 та ҳолатда 39,4 млрд. сўмлик (40,4 фоиз) ўғрилик, камомад, ўзлаштириш, ортиқча тўлов, самарасиз, асоссиз ва мақсадсиз харажатлар ҳамда Халқ таълими вазирининг 2020 йил 22 декабрдаги 318-сонли буйруғига асосан ўтказилган профилактика ишлари натижасида 57,9 млрд. сўмлик (59,6 фоиз) ортиқча, самарасиз харажатлар олди олинган ва бартараф этиш бўйича таклиф киритилган.
Юқоридаги ҳолатларни қонуний чораларини кўриш мақсадида таркибида жиноят аломатлари бўлган 55 та 22,4 млрд. сўмлик ўрганиш материаллари ҳуқуқ-тартибот органларига топширилиб, 51 нафар масъул шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий жазо чоралари кўрилган.
Аниқланган хато ва камчиликларнинг ундирилиши лозим бўлган қисми 15,0 млрд. сўмни ташкил қилиб, шундан 2,9 млрд. сўм маблағ белгиланган тартибда ундирилган.
Халқ таълими вазирлиги томонидан аниқланган хато ва камчиликларни бартараф қилиш ҳамда келгусида олдини олиш мақсадида, ўрганиш материалларида акс эттирилган ҳолатлар бўйича чора-тадбирлар режаси белгиланиб, масъул ходимлар иштирокида ўқув семинарлари ташкил этилмоқда.
Изоҳ: 2021 йил биринчи ярим йиллик бўйича ҳисобот шакллантирилаётгани туфайли қўшимча маълумотлар тақдим этилади.