Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» 2019 йил 29 апрелдаги ПФ-5712-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент шаҳрида рақамли технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 17 мартдаги ПҚ-4642-сон қарорига мувофиқ барча умумтаълим мактабларида ўзлаштириш журналлари ва кундалик ёзувларнинг электрон шаклларидан фойдаланиш, давоматни масофадан мониторинг қилиш, ўқувчиларнинг келиш ва кетиш вақтлари назорати билан боғлиқ бўлган ўқув жараёнини автоматлаштириш тизими жорий этилиши ҳамда ўқувчиларнинг ўзлаштиришини ҳисобга олиш, ўқитувчилар фаолиятига оид статистика ва ҳисоботларни шакллантиришни назарда тутувчи «Электрон кундалик» ягона тизими жорий этилиши белгиланган.
2020 йил 2 июль куни хусусий ташаббускор – «Kundalik» МЧЖ томонидан Халқ таълими вазирлигига лойиҳа ташаббус таклифи, шу жумладан, лойиҳа концепцияси ва лойиҳа баҳолаш ҳужжати тақдим этилган. Лойиҳа ташаббус таклифига мувофиқ Тошкент шаҳри, Ўзбекистон Республикасининг бошқа шаҳар ва вилоятларда рўйхатдан ўтувчи бир миллион ўқувчи учун автоматлаштирилган «Электрон кундалик» ахборот тизимини яратиш, жорий этиш ва фаолиятини таъминлашни давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикасининг «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида» 2019 йил 10 майдаги ЎРҚ-537-сон Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2020 йил 26 апрелдаги 259-сон қарорига мувофиқ мазкур давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепцияси Халқ таълими вазирлиги томонидан жорий йилнинг 3 июлида тасдиқланди.
Лойиҳа тури: «Электрон кундалик» автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиш, жорий этиш ва фаолиятини таъминлаш.
Хусусий шерик томонидан бажариладиган иш ҳажми: Хусусий шерик Тошкент шаҳри, Ўзбекистон Республикасининг бошқа шаҳар ва ҳудудларида рўйхатдан ўтувчи бир миллион ўқувчи учун қоғоз кундаликлар ва журналларни рақамлаштириш бўйича автоматлаштирилган ахборот тизимини яратади.
Ўзбекистон Республикасининг «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Халқ таълими вазирлиги малакали хусусий компанияларнинг давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг амалга оширилишидан манфаатдорлиги тўғрисида маълум қилиш учун манфаатдорликни ифода этиш аризаси ва тендер буюртмаларини (таклифлари) Халқ таълими вазирлиги ва давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигининг веб-сайтларидаги эълонга мувофиқ топширишлари мумкин.
Тендерда иштирок этиш истаги бўлган томонлар ўзларининг манфаатдорликни ифода этиш аризаси ва тендер буюртмаларини (таклифлари) 2020 йил 18 август куни Тошкент шаҳри вақти билан соат 18:00 га қадар топширишлари лозим.
Манфаатдорликни ифода этиш аризаси ва тендер буюртмалари (таклифлари) қуйидаги манзилда қабул қилинади: Тошкент шаҳри, А.Навоий кўчаси, 2-а уй (Халқ таʼлими вазирлиги).
Ўзбекистон Республикасининг «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида» Қонунининг 17-моддасига мувофиқ манфаатдорликни ифода этиш аризаси ва тендер буюртмалари (таклифлари) келиб тушган тақдирда, Халқ таълими вазирлиги томонидан лойиҳанинг хусусий ташаббускори ва қизиқиш билдирган учинчи томонлар иштирокида лойиҳа учун хусусий шерикни аниқлаш юзасидан тендер жараёнларини ўтказади.
Эълонга берилган сана: 2020 йил 4 июль
Давлат шериги томонида лойиҳа учун масъул шахс:
Садуллаев Сарварбек Азимбаевич
Тел.: +998712410256