Гендер тенглик

.

ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИ ТИЗИМИДА ГЕНДЕР ТЕНГЛИК

29 ноябрь 2019 йил
image

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларида таҳсил олаётган 6 119 440 нафар ўқувчилардан 2 968 471 (48,5%) нафарини қизлар ташкил этади.

Бевосита тизимда меҳнат қилаётган 481 604 нафар педагог ҳодимларнинг 332 909 (69,1%) нафарини аёллар ташкил этади. Тизимдаги раҳбар ҳодимларнинг орасида ҳам аёллар сони ҳақида айтадиган бўлсак, мавжуд 9925 нафар мактаб директорларидан 3689 (37,1%) нафари, 200 та туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирларидан 35 (17,5%) нафари, шу йилдан эътиборан эса 14 та вилоят халқ таълими бошқармалари бошлиқларидан 2 (14,2%) нафари аёллар ҳисобига тўғри келмоқда.

Халқ таълими вазирлигида Хотин-қизлар, гендер тенглиги ва ёшлар масалаларига масъул вазир ўринбосари тайинланган ҳамда алоҳида бошқарма ташкил этилган бўлиб, улар тизимда мазкур масалалар бўйича илғор тажрибаларни оммалаштириш, такомиллаштириш билан шуғулланади. Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги тизимидаги барча таълим муассасалар, ташкилотлар, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари, ҳудудуий халқ таълими бошқарув идораларида, шу жумладан вазирликнинг марказий аппаратида ҳам Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг бошланғич ташкилотларининг раҳбарлари сифатида фаолияти ташкил этилган. Ҳозирда айнан улар орқали тизимдаги хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенг тарғиботи амалга оширилади.

Халқ таълими вазирлиги ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда гендер тенглиги масалаларини мактабдан бошлаб ёшларнинг онгига сингдириб боради. Бунда қизлар ва ўғил болаларга барча муассасаларда тенг шароитлар яратилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Мамлакатимизда мактабларда ўқувчиларга нафақат гендер тенглиги, жинсий тенг ҳуқуқлилик масалалари, балки хотин-қизларга бўлган шарқона ҳурмат, хотин-қизларни эъзозлаш, она мисолида аёлларни қадрлаш кўникмалари болалар онгига бошланғич синфлардан эътиборан сингдириб борилади.

Масалан, 1-4-синфларда “Ўқиш”, “Одобнома” ўқув дастурларида ўғил ва қиз болаларнинг тенг ҳуқуқлилиги, уларнинг жамиятда бир хил мавқега эга эканлиги тўғрисида тушунчалар берилган.

Шунингдек, 8-11-синфларда ўтилаётган “Давлат ва ҳуқуқ асослари” фанларининг ўқув дастурларида гендер тенглик бўйича тегишли ҳуқуқий билимлар берилиши йўлга қўйилган.

2019 йилдан эътиборан алоҳида ўқувчи-қизлар билан ишлаш йўналишини ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилган платформа вазифасини ўтовчи - ўқувчи-қизларнинг замонавий билим-кўникмаларини шакллантириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, маънавий-ахлоқий тарбиясини юксалтириш, касб-маҳоратини ошириш мақсадида Республика, ҳудудлар ва барча туман (шаҳар)ларда “Қизларжон” ўқувчи-қизлар саммитлари ташкил этилди. Саммитларда
28 564 нафар ўқувчи-қизлар қамраб олинди. Халқ таълими вазирлиги ва Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ўқувчи-қизларда замонамиз қаҳрамонлари бўлган раҳбар аёлларнинг сиёсий портретларини шакллантириш мақсадида тадбиркорлик ва ишбилармонлик соҳасида етакчилик қилаётган раҳбар аёллар, туман (шаҳар) хокимлари ўринбосарлари, Хотин-қизлар қўмиталари раислари лавозимида “Устоз-шогирд” анъанасида бир кунлик амалиёт дастурини ўтказиш бўйича “Дублёр” лойиҳаси Самарқанд вилоятида тажрибадан ўтказилди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, манфаатдор вазирлик ва ташкилотлар билан биркаликда Халқ таълими вазирлиги томонидан мазкур соҳада қабул қилинган “Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ижросини таъминлаш бўйича ҳамкорликдаги чора-тадбирлар режалари қабул қилинди ҳамда ижроси таъминланмоқда.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu