Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси “Оила ва хотин-қизлар давлат бошланғич ташкилоти” ташаббуси билан Олмалиқ шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфидаги 2 -сонли умумтаълим мактабида “Қиз боланинг тарбияси - миллат тарбияси” мавзусида семинар ташкил этилди.
Тадбирда вилоят халқ таълими бошқармаси мутасаддилари, туман ва шаҳар халқ таълими бўлимлари “Оила ва хотин-қизлар давлат бошланғич ташкилоти” раислари, мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича раҳбар ўринбосарлари, психолог методистлар ҳамда ИИБ ходимлари ва юқори синф ўқувчи қизлари иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ёшларга оид давлат сиёсати ва унинг ижросини таъминлаш, шунингдек, қизларни билим олишга бўлган қизиқишларини ошириш, узлуксиз таълимнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ва касб-ҳунарга йўналтириш бугуннинг мавзусига айланганлиги хусусида гапириб ўтишди. Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини, ёшларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини ёшлар, айниқса қизлар ўртасида кенг тарғиб этиш бош мақсад қилинганлиги айтиб ўтилди.
Шунингдек, ёш қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, онги ва қалбида мустақиллик ғояларига содиқлик, миллий ўзликни англаш, Ватанга муҳаббат ва унинг тақдирига дахлдорлик, фидоийлик ҳиссини қарор топтириш ва ривожлантириш, турли мафкуравий таҳдидлардан асраш муҳимлиги хусусида гапиришди.
Президентимиз таъкидлаганидек, ҳар қандай жамият ва давлатнинг қай даражада халқпарвар ҳамда адолатли экани унинг хотин-қизларга бўлган муносабати ва ғамхўрлиги билан белгиланади. Шу маънода, сўнгги пайтларда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланиб, кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жорий йил март ойининг бошида ушбу соҳада иккита тарихий фармон қабул қилингани ҳам шундан далолат беради. Шарқона тарбияда қиз боланинг покизалиги, хушмуомалалиги, кийинишда тўла либосланиши, уй ишларида моҳир чевар ва пазандалиги, оилавий алоқаларда ҳалимлик, отаси, ака-укаларига беғараз саранжом-саришталик хизматини адо этиши, уларнинг сўз ва шаънини ҳар қадамда ҳис этиши, онасининг ёнида меҳрибон ёрдамчи сифатида уй юмушларини тоқат билан эгаллаши асосий мезонлар саналади. Шу хусусда бугунги тадбирда ёшларни оилавий ҳаётга ҳар томонлама тайёрлаш, қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, эрта никоҳ ва унинг салбий оқибатларини олдини олиш, оила муқаддаслиги ғояларини янада ривожлантириш, бу борада қиз боланинг ўрни ва масъулиятини таҳлилий маълумотлар ва амалий мисоллар асосида тушунтиришга бағишланган маърузалар қилинди. Шунингдек, тадбир доирасида қизлар билан олиб борилаётган ишларда натижадорликка эришиш, уларни иқтидорли, фаол қизлар билан доимий ҳамкорликда ишлашини таъминлаш кўзда тутилган
Тадбир давомида мактабнинг иқтидорли ўқувчилари томонидан меҳмонлар учун мусиқий чиқишлар тақдим этилди. Шу билан бирга тумандаги устозлар бугунги кун воқейликлари, барчани қийнаётган муаммолар акс этган саҳна кўринишларини ҳам ижро қилишди.
Семинар сўнггида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан тегишлича жавоблар олишди.
Тошкент вилояти Халқ таълими
бошқармаси Ахборот хизмати