“Мактабгача ва мактаб таълими тизими ходимларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада ошириш, профилактика чора-тадбирларини ташкил этиш" мавзусида очиқ мулоқот ҳамда семинарлар ташкил этилмоқда.
Мазкур мулоқотларнинг навбатдагиси Андижон вилоятида бўлиб, унда вазирликнинг Коррупцияга қарши кураш ва ҳуқуқий-назорат хизмати ходимлари томонидан барча муассасаларда коррупцион ҳолатларни олдини олиш, давлат ҳаридларида очиқликни таъминлаш, “Манфаатлар тўқнашуви”нинг салбий оқибатларидан тизим вакилларини огоҳ этиш ва таълим ходимларини “ҳалоллик вакцинаси” билан ваксиналаш каби қатор йўналишларда вазифалар белгилаб берилди.
Мулоқот давомида вазир вакиллари томонидан коррупцияга қарши курашишга оид ички локал ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришга қаратилган тарқатма материаллар ходимларга тарқатилиб, Коррупция ҳақида хабар беришга мўлжалланган вазирлик ва тизим ташкилотлари алоқа каналлари кенг тарғиб қилинди. Коррупцияга қарши курашишга оид қонунчилик ҳужжатлари асосида тайёрланган тарғибот материаллари, тақдимотлар ходимларга мустақил ўқиб ўрганиш учун етказилди.
“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонун кучга киргунига қадар унда белгиланган талаблар ва механизмларнинг амалиётда ишлаши билан боғлиқ масалалар ўрганилиб, ходимларга услубий тавсиялар берилди.
Шунингдек, улар томонидан ҳар бир ходим билан якка тартибда профилактика тадбирлари ўтказилиб, ходимларда “ҳалоллик вакцинаси” иммунитетини шакллантириш учун уларни ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабаблари, унга имкон бераётган шарт-шароитлар тўғрисида ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарлик мавжудлиги ҳақида расман огоҳлантирилди.
Мулоқот сўнгида иштирокчиларга коррупцион ҳаракатларнинг аянчли якунларига бағишланган махсус видеороликлар намойиш этилиб, ҳар бир таълим муассаса раҳбари билим даргоҳида ҳалоллик ва шаффофликни таъминлаш учун маъсул эканлиги яна бир бор таъкидланди.