Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 2019 йилнинг 6 май куни Фарғона вилоятига ташрифи доирасида Бағдод туманидаги 5-умумтаълим мактабида бўлди. Мактабга ташрифи давомида таълим муассасасида яратилган шарт-шароитлар, ўқувчилар эришаётган ютуқлар, педагогик жамоанинг эзгу мақсадлари билан яқиндан танишди.

Мазкур мактабда ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш, маънавий юксак ва интеллектуал салоҳиятли авлодни тарбиялаш бўйича Президентимиз ташаббусини амалга ошириш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, улар учун маданий тадбирлар, компьютер саводхонлиги ва интернет марказлари, спорт тўгараклари ташкил этиш, шунингдек, китобхонликни оммалаштириш мактаб маъмуриятининг доимий эътиборида. Бу даргоҳда турли фан тўгараклари билан бирга спортнинг 6 тури бўйича тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Уларга мактаб ўқувчилари тўлиқ равишда қамраб олинган. Бундан ташқари, мактаб кутубхонаси фондини бойитиш, маънавий-маърифий тадбирлар самарадорлигини янада ошириш, ўқувчи қизларга турли касб ва ҳунар сирларини ўргатишга ҳам устувор вазифалар сифатида қаралмоқда.

Халқ таълими вазири мактабда ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ташкиллаш, уларни турли хил салбий иллатлардан сақлаб, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш ўқитувчиларнинг энг биринчи галдаги вазифаси экани, бу борада давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ҳар биримиз учун дастуриламал бўлиши кераклигини таъкидлади.

Шерзод Шерматов шундан сўнг туман халқ таълими бўлимида ҳам бўлиб, ундаги жараёнларни кўздан кечирди. Ахборот ресурс маркази фаолиятини янада юксалтириш юзасидан тавсиялар берди.

Халқ таълими вазирлиги

Ахборот хизмати

07.05.2019 17:04:00