Пурвиқор тоғлар бағри кўм-кўк арчазор. Юксак чўққилар ўнгиридаги қор қуёш шуъласида жилоланади. «Чорвоқ” сув омбори мавжларидан таралаётган салқин шабада дилга роҳат бағишлайди. Бўстонлиқ туманидаги ана шундай гўзал табиат қўйнида жойлашган оромгоҳлар ҳар қачонгидан-да гавжум. 

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
“Қуёшли” болалар соғ­ломлаштириш оромгоҳида ўқувчиларнинг ёзги таътил даврини мазмунли ўтказиши учун барча шарт-ша­роит яратилган. Мазкур интеллектуал ривожлантириш оромгоҳида бир гуруҳ ўғил-қизлар қатори билимлар беллашувида совриндор бўлган ўқувчилар ҳам мароқли ҳордиқ чиқаряпти. Дам олиш масканининг иккинчи мавсуми очилиши муносабати билан ташкил этилган маросимда ўқувчи-ёш­ларнинг бекаму кўст таълим-тарбия олиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиб, мароқли ҳордиқ чиқариши учун барча зарур имкониятлар яратилгани таъкидланди.

— Оромгоҳимизда 16 июндан бошланган тўрт бос­қичли дам олиш мавсуми давом этмоқда, — дейди оромгоҳ бошлиғи Йўлчибой Раҳимжонов. — Биринчи мавсумда 438 нафар ўқувчи ҳордиқ чиқарган бўлса, иккинчи мавсумда ҳам қарийб шунча дам олувчи қабул қилинди. Анъанага кўра, бу йил ҳам оромгоҳимиз билимлар беллашуви совриндорларини ўз бағрига чорлади. Бу ерда ўқувчилар ҳар бир дақиқани мазмунли ўтказаяпти. Иккита сув ҳавзаси, 10 та тўгарак ва турли соғломлаштириш майдончалари улар ихтиёрида. Табиат қўйнидаги машғулотлар, маҳорат дарслари ва адабий кечалар, хуллас, тадбирлар кўп.

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
Дам олиш масканини айланиб, тўгараклар фаолияти билан танишиш чоғи чет тилида суҳбатлашаётган икки қиз эътиборимизни тортди.

— Пойтахтлик дугонам Ойша Юсупова билан немис тилида гаплашяпмиз, — дейди Қува шаҳридаги 33-мактаб ўқувчиси Дурдона Мирзағаниева. — Билимлар беллашувида ғолиб бўлиб, чет тилида сўзлашолмаслик уят, ахир. Оромгоҳга биринчи келишим. Бу ернинг сўлим табиати кайфиятимизни кўтаради.

— Билимлар беллашувининг рус тили йўналишида 1-ўринни эгалладим. Муваффақиятга эришишимда устозларимнинг ҳиссаси катта. Уларнинг кўмаги билан билимдон тенгдошларим сафидан жой олиб, “Қуёшли”да дам олиш имкониятини қўлга киритдим, — дейди Жиззах шаҳридаги 10-мактаб ўқувчиси Аваз Ўктамов. — Таълим муассасамизда ўқийдиган Сожида Эргашева ҳам шу ерда. У билимлар беллашувининг она тили ва адабиёт фанидан ғолиб бўлган. Бу ерда ҳар кунимиз унутилмас таассуротларга бой бўлмоқда. Кўплаб дўстлар орттирдик. Тенгдошларимиз билан турли мавзуларда фикр алмашаяпмиз.

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
Оромгоҳ тарбияланувчилари иштирокида “Фидойинг бўлгаймиз сенинг, Ўзбекистон!” мавзусида маданий-маърифий дастур намойиш этилди. Тоғ ёнбағрида жаранглаган куй-қўшиқ, рақс ва саҳна кўринишлари барчага хушнудлик бағишлади.

 

Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбири

13.07.2017 12:52:00