2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йуналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида узлуксиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, ўқитиш сифатини баҳолашнинг халқаро стандартларини жорий этиш, ёш авлодга билим беришда фидокорона хизмат қилаётган ўқитувчи ҳамда мураббийларнинг обрў-эътиборини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур вазифалар Халқ таълими вазирлиги томонидан изчиллик билан хаётга татбиқ этилмоқда.


Жумладан, жорий йилнинг 4-5 июль кунлари “Амалий фанларни ўқитиш ва ўқув-тарбия жараёнининг сифат ва самарадорлиги: муаммолар ва ечимлар” мавзусидаги икки кунлик форумда ҳам соҳани ривожлантиришга доир фикр-мулоҳаза ва таклифлар ўртага ташланди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан келган 250 нафар тасвирий санъат, чизмачилик, жисмоний тарбия, технология, мусиқа маданияти, амалий психология фани ўқитувчилари, методистлар, ҳудудий халқ таъли¬ми ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтлари, олий таълим муассасалари олимлари иштирок этаётган тадбирнинг биринчи куни Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги профилли меҳнат таълимига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида бўлиб ўтди. Иштирокчилар ушбу мактаб фаолияти билан яқиндан танишдилар. Шундан сўнг тренер ўқитувчилар томонидан ташкил этилган “Маҳорат дарслари”да билимларини янада мустаҳкамлашди.


“Ўқитувчиларда таянч компетенцияларни шакллантиришда амалиётчи психологларнинг ўрни”, “Шахмат тарихи ва унинг Ўзбекистонда ривожланиши. Ўйинда мот турлари”, “Опера” жанрини ўргатишда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш” каби мавзуларда машғулотлар олиб борилди.


Республика форумини ташкил этишдан асосий мақсад — амалий фанлар таълимини такомиллаштириш йўналишида олиб борилган ишларни сарҳисоб килиш, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги “Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 140-сонли, 2017 йил 6 апрелдаги “Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш туғрисида”ги 187-сонли қарорлари ижросини таъминлаш, янгидан тасдиқланган давлат таълим стандартларини амалиётга жорий этиш, амалий фанлар таълими сифат ва самарадорлигини оширишдан иборат. 


Форумнинг иккинчи кунида иштирокчилар амалий фанларнинг ўқитилишидаги долзарб муаммоларга қаратилган масалалар юзасидан тезислар муҳокамасини тақдимот қилишди, тадқиқот олиб борган экспериментатор ўқитувчиларининг бугунги кунда таълим самарадорлигини оширишга қўшаётган янгиликлари ҳақида тажриба алмашдилар. 


Форум натижасида амалий фанларни ўқитиш самарадорлигини оширишга доир  тавсиялар ишлаб чиқилди ҳамда мазкур форум ҳудудларда ҳам ташкил этиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.
 

Халқ таълими вазирлиги 
Ахборот хизмати

06.07.2017 20:05:00