Умумтаълим мактаблари таълим жараёнида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишнинг долзарб муаммолари ва ечимлари мавзусидаги республика илмий-амалий анжуманида Биология фанидан яратилган электрон ахборот таълим ресурсининг тақдимоти ўтказилди.

 Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш маркази ва Навоий вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ҳамкорлигида Ш.Ҳасанова томонидан тайёрланган биология фанидан “9-синф биология (ситология ва генетика асослари)” электрон дарслигининг тақдимоти 2017 йил 21 апрель куни Навоий вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида ўтказилган “Умумтаълим мактаблари таълим жараёнида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишнинг долзарб муаммолари ва ечимлари” мавзусидаги республика илмий-амалий анжуманида намойиш этилди.

Ушбу электрон дарслик 9-синф биология дарсларида фойдаланишга мўлжалланган бўлиб, ундаги мавзулар мазмуни аудио ва видео тасвирлар, интерактив машқлар билан берилган бўлиб, ДТС талаблари асосида тайёрланган. Мавзулар бўйича тақдим этилган материаллар илмий асосланганлиги ва замонавий талабларга мос келиши таъкидланди.

Конференция Ялпи мажлиси Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида бўлиб ўтди. Конференцияда Навоий вилояти ҳокимининг Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ф.Солиев, Навоий вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ректори Ф.Рўзиқулов, Навоий вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Н.Улуғбердиев, Навоий давлат педагогика институти проректори С.Хужжиев ва бошқа таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари иштирок этдилар.

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
Анжуманда умумтаълим мактаблари таълим тизимида малакали кадрлар тайёрлаш муаммолари, таълимда чет тилларни ўқитишнинг сифат ва самарадорлигини оширишда инновацион технологиялар, таълим жараёнида ахборот-коммуникация технологияларини қўллашдаги долзарб муаммолар ва ечимлар ҳамда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да белгиланган вазифалар доирасида бажарилаётган илмий ишларга бағишланган илмий тадқиқот ишлари натижалари таҳлил қилинди.

Анжуманнинг мақсади узлуксиз таълим тизимида тадқиқот олиб бораётган мутахассис-олимлар, мустақил изланувчилар илмий-назарий изланишларининг амалий тадбиқлари, чет тилларини ўқитиш методикасини такомиллаштириш борасидаги тажрибали мактаб ўқитувчиларининг таклиф ва тавсияларини умумлаштириш, умумтаълим фанларини ўқитишда инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, интернет глобал тармоғидан фойдаланиш маданиятини кенг муҳокама қилиш ва узлуксиз таълим тизими бўғинларида узвийликни такомиллаштиришдан иборат бўлди.

Анжуман давомида таълим соҳасида фаолият кўрсатаётган барча мутахассис-педагоглар олдига кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни қўйилиши мамлакатимиз таълим тизимини ривожланган давлатлар таълим тизими даражасига тенглаштириш борасида олиб борилаётган педагогик фаолиятимизда ахборот коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиш сифат ва самарадорлиги устида ишлашимизни ҳамда бу соҳада билим, кўникма ва малакаларимизни узлуксиз такомиллаштириб боришимиз бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Анжуман иштирокчилари томонидан ўқитувчиларнинг дарсларга ижодкорлик билан ёндашишини таъминлаш, таълим-тарбия бериш жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишни йўлга қўйиш мақсадида таклиф этилган илмий-методик ишларнинг услубий қўлланмалари ва мультимедиали ишланмалари тайёрланиб, таълим муассасаларига етказиб берилиши ва оммалаштирилиши келишиб олинди.

Халқ таълими вазирлиги 
Ахборот хизмати

04.05.2017 00:00:00