Самарқанд шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими ташаббуси билан китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга бағишланган маърифий тадбир ўтказилди.

Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишидан келиб чиқадиган вазифалар, мазкур ҳужжат мазмун-моҳиятини аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ижодкорлар иштирок этди.

– Ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш, улар ўртасида китоб мутолаасини кенг оммалаштириш фарзандларимиз маънавий оламини бойитиш, турли ёт ғоялар таъсиридан асрашда муҳим омил ҳисобланади, – дейди шоира Хосият Бобомуродова. – Китобга меҳр қўйган, китоб орқали дунёни англаган инсон ёмонликдан йироқ бўлади, доим эзгулик ҳақида ўйлайди, эзгу ишларни амалга оширишга интилади. Шунинг учун биз, ота-оналар, устоз-мураббийлар, барчамиз ёшларни болаликдан китобга ошно этишимиз, бу борада ўзимиз шахсий ибрат кўрсатишимиз лозим.

Тадбирда Самарқанд шаҳридаги мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари ўқувчилари, “Баркамол авлод” болалар маркази тўгарак аъзолари томонидан китоб ҳақида шеър ва ривоятлар айтилди, турли саҳна кўринишлари намойиш этилди. Очиқ дарс тарзида китоб тақдимотлари ўтказилди.

“Энг яхши китобхон мактаб”, “Китобхон оила” сингари йўналишлар бўйича таълим муассасалари, ўқувчилар ва ота-оналар муносиб рағбатлантирилиб, уларга янги китоблар тўпламлари совға қилинди.

www.uza.uz

27.01.2017 00:00:00