Бугун Республика Болалар кутубхонасида Халқ таълими вазирлиги томонидан Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази билан ҳамкорликда “Ўқувчилар ўртасида китобхонликни ривожлантириш ва одоб-ахлоқ қоидалари назоратини кучайтириш” мавзусида республика ўқув – семинари бўлиб ўтди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Мазкур ўқув-семинар Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш, ўқувчилар ўртасида китобхонлик кўникмаларини ривожлантириш, таълим муассасаларида “Умумий ўрта таълим мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари”га риоя қилиниши устидан тизимли назорат ўрнатиш мақсадида ташкил қилинди.

Тадбирда ҳамкор вазирлик, идоралар масъул ходимлари, ҳудудий халқ таълими бошқармаларининг маънавий-ахлоқий тарбия ишлари бўйича мутахассислари, ҳудудий ахборот-ресурс марказлари директорлари, услубчилар иштирок этишди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг ўринбосари Д.Кенжаев ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз чиқишлари давомида бир неча маротаба таъкидлаб ўтган устувор вазифа ўқувчи-ёшлар ва бевосита аҳоли ўртасида китобхонликни ривожлантириш юзасидан қилинадиган ишлар самарадорлигини ошириш лозимлигини алоҳида эътироф этишди.   

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Шу маънода Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқувчи-ёшлар орасида китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Бугунги кунда халқ таълими тизимида 9576 та ахборот-кутубхона муассасалари мавжуд бўлиб, шундан 12 таси вилоят, 199 таси туман (шаҳар) ва 928 таси мактаб ахборот-ресурс марказлари ҳамда 8648 таси мактаб кутубхоналари ҳисобланади. Уларга жами 4 047 738 нафар ўқувчилар аъзо бўлган.

Ушбу муассасаларнинг жами китоб фонди 20,5 млн. дан ортиқ  нусхани ташкил этиб, шундан 216 899 таси электрон нусхали адабиётлардир.

Ахборот-кутубхона муассасаларни китоб фондини бойитиш мақсадида ҳар йили ўқувчилар учун синфдан ташқари мутолаа учун бадиий адабиётлар харид қилинади.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

2014 йилда 1-4 синф ўқувчиларига мўлжалланган 6 млрд. сўмлик 27 номдаги жами 847 293 нусха бадиий адабиётлар харид қилинган бўлса, жорий йилда 5-9- синф ўқувчилари учун 7,2 млрд. сўмлик 28 номдаги 1,2 млн нусха бадиий адабиётлар харид қилинмоқда.

Шунингдек, ҳар йили умумтаълим мактабларида “Китобхонлар байрами” тадбирлари доирасида “Адабиёт кунлари”, “Китобим-офтобим”, “Китоб тақдимоти”, “Мактаб-кутубхона-оила-жамоат ташкилотлари” хайрия тадбири, ота-оналар иштирокида ташкил этиладиган “Бир фарзандга - уч китоб” акцияси каби табдирлар ҳамда “Энг яхши китобхон ўқувчи” ва  “Китобхон мактаб” танловлари ўтказиб келинмоқда.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Менинг биринчи китобим” лойиҳаси доирасида иқтидорли ёшларнинг китоблари давлат бюджети маблағлари ҳисобига чоп этилиб, мактаб кутубхоналарга тарқатиб келинмоқда.

Ўқув-семинари якунида ёшларнинг китобхонлик даражасини юксалтириш, ахборот-ресурс марказлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди.
 

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

 

23.12.2016 00:00:00