Умумий ўрта таълим мактабларида синфдан ва мактабдан ташқари таълим тарбия ишларини самарали ташкил этиш, ўқувчиларнинг қизиқиши бўйича ташкил этилган тўгараклар фаолияти ва уларга услубий ёрдам кўрсатиш ишларини янада ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг 22 декабрь куни “Баркамол авлод” республика болалар бадиий ижодиёт марказида “Синфдан ва мактабдан ташқари таълим-тарбия ишларини самарали ташкил этиш омиллари” мавзусида республика ўқув-семинари ташкил этилди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Мазкур ўқув-семинарда Халқ таълими вазирлиги масъул ходимлари, ҳудудий халқ таълими бошқармаларининг маънавий-ахлоқий тарбия ишлари бўйича мутахассислари, ҳудудий “Баркамол авлод” болалар марказлари директорлари, услубчилар, таянч “Баркамол авлод” болалар марказлари директорлари иштирок этдилар.

Бугунги кунда республикада 211 та “Баркамол авлод” болалар марказлари фаолият кўрсатиб, уларда ташкил этилган 5577 та тўгаракларга жами 127 068 нафар ўқувчилар жалб қилинган.  

Тадбирда “Баркамол  авлод” болалар марказларида ташкил этилган тўгараклар самарадорлигини ошириш, уларга ўқувчилар қамровини кенгайтириш, умуман марказ фаолиятини бугунги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этишнинг долзарб масалари борасида фикр алмашилди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Хусусан, келаётган 2017 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланиши соҳа вакиллари олдига улкан масъулият юклайди.  “Баркамол авлод” болалар марказларида ота-оналар билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, марказлардаги имкониятлар ва унинг бола шахсининг ривожланишидаги ўрни, иқтидорини намоён этиш ва рағбатлантиришда тутган муҳим аҳамиятини тушунтириш орқали ўқувчилар қамровини ошириш масаласи муҳим экани таъкидланди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Семинар давомида иштирокчилар учун  “Баркамол авлод” болалар марказларида 24 турдаги тўгаракларни қандай ташкил этиш лозимлиги бўйича намунавий машғулотлар ташкил этилиб, йиғилганларга методик ёрдам кўрсатилди, зарур ўқув кўргазмали воситалар тарқатилди.

Ўқув-семинари якунида 2016 йилда Республикадаги “Баркамол авлод” болалар марказлари фаолияти сарҳисоб қилиниб, йил давомида самарали фаолият кўрсатган бир гуруҳ соҳа вакиллари Халқ таълими вазирлигининг мукофоти ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

 

22.12.2016 00:00:00