Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг виртуал қабулхонаси ишга туширилди.

Ҳар бир шахснинг бевосита ўзи ёки бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларга ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқи Конституциямизнинг 35-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Қибрай туманида яшовчи Шоҳида Эшмуродова беш ёшли қизи Чаросни тумандаги 47-махсус мактабгача таълим муассасасига жойлаштира олмаётгани, неча маротаба мурожаат қилсада, унга рад жавобини беришаётганидан шикоят қилиб ариза ёзган.

– Вазирнинг виртуал қабулхонаси ишга туширилганини эшитиб, хурсанд бўлиб кетдим, – дейди Ш.Эшмуродова. – Таълим тизимидаги камчилик ва нуқсонлар энди барҳам топади, деб умид қиламан. Шикоятим икки кун ичида ўрганилиб, қизим ушбу мактабгача таълим муассасасига жойлаштирилди.

– Давлат органларига веб-сайт орқали мурожаат йўллаш қулай усул ҳисобланади, – дейди Учтепа туманидаги 238-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Гавҳар Абдуллаева. – Мен ҳам вазирнинг виртуал қабулхонасига чет тили фани ўқитувчилари учун ташкил этилган 72 соатлик махсус дарслар бўйича савол йўлладим. Қисқа муддатда соҳа мутахассисларидан тегишли жавоб олдим.

Наманган вилоятида яшовчи М.Давлатова ўғли ўқиётган синфда дарслик масаласида етишмовчиликлар бўлаётгани, математика фанига оид дарсликнинг камлиги туфайли боласининг фанни ўзлаштириш кўрсаткичи пасайиб кетаётганидан шикоят қилган. Бу мурожаат ҳам вазирлик мутасаддилари томонидан ўрганилиб, тегишли чора кўрилган.

Халқ таълими вазирлиги томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолатини тубдан ислоҳ этиш, мурожаатлар билан ишлаш сифатини яхшилаш, самарадорлигини оширишда www.uzedu.uz виртуал қабулхонаси айни муддао бўлди. 10-06 рақамли “ишонч телефони”, info@xtv.uz электрон почта манзили орқали мурожаат қилиш ва қисқа муддат ичида ўз саволларига жавоб олиш имконияти ҳам яратилди.

www.uza.uz

09.12.2016 00:00:00