Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма тўрт йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши  асосида вазирлик тизимидаги таълим муассасаларида Асосий Қонунимизни чуқур ўргатиш, ўсиб келаётган авлоднинг ҳуқуқий билим ҳамда маданиятини янада юксалтиришга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар, интеллектуал ва ижодий танловлар ўтказилмоқда.

Жумладан, умумтаълим мактабларида жорий йилнинг 15 ноябридан – 15 декабрь кунига қадар “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати” шиори остида ҳуқуқий ва маънавий-маърифий тадбирлар ойлиги ўтказилмоқда. Ҳозирда барча таълим муассасалари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳиятини акс эттирувчи тасвирий воситалар билан безатилди.

Айни кунда, 193 нафар ҳудудий халқ таълими бошқарув органлари ходимлари, ХТХҚТМО институтлари профессор-ўқитувчилари ва малакали мутахассислардан таркиб топган доимий фаолият юритувчи ҳудудий тарғибот гуруҳи аъзолари таълим муассасаларида ва аҳоли ўртасида “Инсон, унинг қадр-қиммати, ҳақ-ҳуқуқи олий қадрият” мавзусида тарғибот ишларини режа асосида олиб бормоқдалар.

Шу билан бирга, таълим муассасаларида ўқувчиларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш ва олган билимларини мустаҳкамлаш мақсадида тегишли дарсларда, “Эрталабки сафланиш” ва “Тарбиявий соат”ларда ҳамда педагог ходимлар учун “Маънавият соати” тадбирларида “Конституцияни ўрганамиз”, “Конституция - менинг тақдиримда” мавзуларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, очиқ мулоқотлар ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.

Қолаверса, барча таълим мусассасаларида ўқувчилар ўртасида “Ўзбекистон келажаги баркамол авлод қўлида”, “Инсон ҳуқуқлари – энг олий қадрият”, “Конституция – тараққиётимиз пойдевори”, “Конституция – менинг ҳуқуқ ва бурчларим“, “Конституция ва ҳуқуқий маданият”, “Конституция – равнақимиз қомусидир” мавзуларида иншолар танловлари ўтказилмоқда. Ғолиблар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланмоқда.

Бундан ташқари “Конституция – мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишларининг муҳим пойдевори” шиори остида туман-шаҳар марказларида мустақиллик йилларида барпо этилган иншоотларга ўқувчиларнинг саёҳатлари уюштирилмоқда. Шу кунга қадар 300 мингдан зиёд ўқувчилар қамраб олинди.

Шунингдек болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари масъуллигида Конституция кунига бағишлаб ўқувчилар ва ўқитувчилар ўртасида спортнинг 14 тури бўйича турнирлар ўтказилмоқда.

 “Баркамол авлод” болалар марказларида жорий йилнинг 25 ноябрь – 5 декабрь кунлари “Конституция ўқувчилар нигоҳида” мавзусида ижодий ишлар танлови ва  кўргазмаси фаолият кўрсатади. Ахборот-ресурс марказлари ва таълим муассасалари кутубхоналарида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган юридик адабиётлар кўргазмаси ташкил этилди.

Шунингдек, Республика таълим маркази томонидан жойларда ўқувчилар ўртасида “Конституция – бахтимиз пойдевори” республика кўрик-танловининг қуйи  босқичлари ўтказилмоқда.

Бу каби тадбирлар аниқ мақсадга эга, қатъиятли фарзандларимиз сафини кенгайтириш, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Узлуксиз таълимнинг бошланғич бўғиниданоқ болаларимизнинг ҳуқуқий саводхонлиги шаклланиб бораётгани, ёшларимизнинг ўз конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини, оила, жамият ҳамда давлат олдидаги бурч ва мажбуриятларини билиши учун ҳар томонлама кўмаклашилаётгани айни муддаодир.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

 

02.12.2016 00:00:00