Мактабгача таълим муассасалари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Республика ўқув-методика марказида “Энг яхши таълим муассасаларининг ўқув-тарбия жараёнини методик таъминлаш кичик гуруҳи” ва “Энг яхши давлат таълим стандартларига риоя этиш мониторингини методик таъминлаш кичик гуруҳи” кўрик-танловларининг республика босқичи ўтказилди.

Халқ таълими вазирлиги томонидан бу йил илк бор ташкил этилган мазкур беллашувлар тизимда узлуксиз методик хизмат самарадорлигини ошириш, ташаббускор ва ижодкор методистларнинг кичик гуруҳларини аниқлаш, уларнинг касбий маҳоратини ривожлантириш, истиқболли педагогик ғояларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ва оммалаштириш орқали методик хизмат сифатини яхшилашга хизмат қилади.

— Таълим-тарбия самарадорлигини оширишда педагогларнинг энг яқин ҳамкори методистлар ҳисобланади. Шу боис уларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, хизматини муносиб рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, методистлар иш ҳақи миқдорининг умумтаълим муассасалари бошланғич синф ўқитувчиларининг ойлик маошига тенглаштирилгани бунинг ёрқин исботидир, — дейди Республика таълим марказининг методик ишларни мувофиқлаштириш ва педагогик технологиялар бўлими бошлиғи Ўғилой Юсупова. — Шу маънода, ушбу кўрик-танловлар ҳам кичик гуруҳлар орасидан энг илғорларини саралаб, меҳнатини муносиб баҳолаш, иш тажрибаларини оммалаштиришга хизмат қилади.

Икки кун давом этган қизғин баҳслар пайтида методистлар билим ва салоҳиятда бир-биридан қолишмаслигини, юқори касбий маҳоратга эга эканини намоён этди. Низомга мувофиқ “Энг яхши таълим муассасаларининг ўқув-тарбия жараёнини методик таъминлаш кичик гуруҳи” кўрик-танловида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан ҳудудий босқичда ғолиб бўлган ҳар бири уч нафар иштирокчидан иборат 14 та кичик гуруҳ беллашди.

Кўрик-танлов тўрт турдан иборат бўлиб, 1-турда жамоалар ўз илғор иш тажрибасининг мазмун-моҳиятини ёритиб берувчи тақдимотини намойиш этди. 2-турда кичик гуруҳ ишларининг натижавийлиги баҳоланган бўлса, кейинги турда иштирокчилар ўз ҳудудида методик хизматни ривожлантириш бўйича яқин 3 йилга мўлжалланган стратегик концепцияси тақдимотини ўтказди.

Кўрик-танлов низомига кўра, мазкур уч турда 60 ва ундан юқори балл тўплаган икки жамоа — Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилояти вакиллари ҳал қилувчи турда беллашди. Иштирокчилар туман (шаҳар) фан методика уюшма йиғилишини ўтказиш шартида бор билим ва маҳоратини ишга солди. Якуний натижаларга кўра, Самарқанд вилояти жамоаси биринчи, пойтахт вакиллари эса иккинчи ўринга муносиб кўрилди.

— Кўрик-танлов юқори савияда ташкил этилди. Юртимизнинг барча ҳудудидан келган ҳамкасбларимиз билан фикр, тажриба алмашдик. Айниқса, Хоразм, Андижон вилояти вакилларининг тақдимотлари билан танишиб, келгусидаги фаолиятимиз учун муҳим бўлган жиҳатларни ўргандик, — дейди Самарқанд тумани ХТМФМТТЭБ методисти Рамиш Ўлмасов.

“Энг яхши давлат таълим стандартларига риоя этиш мониторингини методик таъминлаш кичик гуруҳи” кўрик-танловида республикамизнинг барча ҳудудидан 14 нафар иштирокчи қатнашиб, 3 тур бўйича касбий малака ва маҳоратини намойиш этди. Биринчи турда илғор тажрибалар тақдимоти ўтказилган бўлса, иккинчи турда касбий маҳорат ва амалий фаолият натижавийлиги таҳлил этилди. Охирги турда иштирокчилар келажак концепцияларини ҳимоя қилишди.

Қизғин ўтган беллашув якунида 1-ўринга Тошкент шаҳри, 2-ўринга Самарқанд вилояти ҳамда 3-ўринга Тошкент вилояти вакили лойиқ деб топилди. Ҳар иккала кўрик-танловнинг 1-ўрин соҳибларига кубок, I даражали диплом, “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди. Бошқа ғолиб ва совриндорлар ҳам муносиб рағбатлантирилди.

Хайриддин МУРОД,
“Ma’rifat” мухбири

 

01.08.2016 00:00:00