Мактаб ўқувчиларининг ёзги таътил мавсумини мароқли ҳамда фойдали ташкил этиш ҳамда ўқувчиларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган “Ёз—2016” спорт мусобақаларининг туман(шаҳар) босқичи якунига етди.

Спортнинг баскетбол, волейбол, гандбол, футбол, сузиш, стол тенниси, бадиий гимнастика, енгил атлетика, бадминтон ҳамда шахмат турлари бўйича бўлиб ўтган мусобақаларда 1–4-синф ҳамда 5–9-синф ўқувчилари, оромгоҳларга жалб этилмаган болалар иштирок этди. Мазкур мусобақаларда жами 13660 нафар ўқувчи қамраб олинди, шундан 6598 нафари қизлар.

Стол тенниси беллашувларига Фарғона шаҳридаги 18-умумтаълим мактаби мезбонлик қилди. 114 нафар ўқувчи қатнашган ушбу беллашув муросасиз курашларга бой бўлди.

Шунингдек, енгил атлетика бўйича вилоят биринчилиги Қува туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ўтказилди. Мазкур мусобақага вилоятнинг 17  ҳудудидан жами 148 нафар ёш спортчи қатнашди. Учкўприк туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг сузиш ҳавзасида бўлиб ўтган сузиш баҳсларида 63 нафар спортчи қатнашган бўлса, шулардан 25 нафари қизлардир.

Бундан ташқари, Фарғона шаҳридаги 1-БЎСМда “Соғлом болажон” шиори остида миллий халқ ўйинлари байрам сайли ўтказилди. Ушбу тадбир доирасида «Қувноқ эстафета», «Арқон тортиш» каби миллий халқ ўйинлари бўйича мусобақалар ташкил этилиб, уларда иштирок этган 212 нафар ўқувчи орасидан ғолибликни қўлга киритган жамоалар ҳамда фаол қатнашган спортсевар ёшлар муносиб тақдирланди.

Шарифа МАДРАҲИМОВА,
«Ma’rifat» мухбири

 

21.07.2016 00:00:00