2015-2016 ўқув йили ниҳоясига етиб, мактаб ўқувчиларининг ёзги таътил палласи бошланди. Умумтаълим фанлари ва ўқув дастурларини давлат таълим стандартлари бўйича ўзлаштирган ўқувчилар таътил давомида ҳордиқ чиқариб, турли маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этади, китобхонлик орқали билимларини мустаҳкамлайди.

Ёзги дам олиш мавсумини тўғри ташкил этиш, оромгоҳларда болаларнинг мазмунли ва мароқли дам олишини таъминлаш масаласига Халқ таълими вазирлиги томонидан ҳар йили жиддий эътибор қаратилади. Жорий йилда тоғ ён -бағирларида фаолият кўрсатадиган 213 та стационар ва таълим муассасалари қошида ташкил этиладиган 851 та кундузги оромгоҳларда 292 мингдан ортиқ ўғил-қизларимизнинг дам олиши режалаштирилган. Ҳудудий халқ таълими бошқарув идоралари барча оромгоҳларда таълим-тарбия ишларини ташкил этиш, уларга малакали педагог ходимларни жалб этиш, оромгоҳлар кутубхоналарини ҳудуддаги таълим муассасалари ва ахборот-ресурс марказлари орқали керакли болалар адабиётлари, Президентимиз асарлари, мустақиллик йилларида эришилган ютуқларга бағишланган рисолалар ва журналлар билан таъминлашга масъул ҳисобланади.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Дам олиш масканининг техник, тиббий жиҳатдан хавфсизлигини таъминлаш, турли витамин ва микроэлементларга бой озиқ-овқат маҳсулотлари таъминотини йўлга қўйишга маҳаллий ҳокимият органлари масъулдир.

Хўш, бир нечта босқичда ташкил этиладиган ёзги соғломлаштириш жараёнида ўқувчиларни миллий-маънавий қадриятлар руҳида тарбиялаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун нималарга эътибор қаратиш керак?

Вазирлик томонидан оромгоҳларда таълим-тарбия ишларини ва тўгараклар фаолиятини ташкил этиш бўйича оромгоҳ раҳбарлари ва педагог ходимлар учун «Ёз — 2016» услубий қўлланмалари чоп этилган бўлиб, улар  барча турдаги оромгоҳларга етказиб берилди. Шунингдек, тўгарак ишларини намунали ташкил этиш бўйича алоҳида шароит яратилиши, «Маънавият хонаси»нинг болалар руҳиятига мос ҳолда жиҳозланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Республика бўйича фаолият кўрсатадиган 851 та кундузги оромгоҳ ишини намунали ташкил этиш учун ҳудудий ҳокимликлар томонидан ҳомийлар маблағларини жалб этиш масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарур.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Мустақиллигимизнинг 25 йиллик юбилейи арафасида жорий йилда ёзги мавсумни ўқувчилар учун янада мазмунли ва кўтаринки кайфиятда ташкил этиш, стационар ва кундузги оромгоҳларга жалб қилинмаган болаларнинг ёзги таътил давридаги бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва уларнинг тадбирларга қамраб олинишини кенгайтириш мақсадида  Халқ таълими вазирлиги томонидан комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

Чора-тадбирлар режасига биноан, ёзги таътилда асосий эътибор ўқувчи-ёшлар ўртасида ватанпарварлик туйғусини янада кучайтириш, уларга мустақиллик йилларида мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида барча соҳаларда олиб борилган ислоҳотлар, эришилган ютуқлар ҳақида батафсил маълумотлар бериб бориш, соғлом турмуш тарзига риоя қилишни ва китобхонликни кенг тарғиб қилиш ҳамда уларни «оммавий маданият»нинг турли салбий таъсирларидан ишончли ҳимоя қилишга қаратилиши белгилаб қўйилган.

Кундузги оромгоҳлар фаолияти йўлга қўйилган ёки тегишли дастурлар доирасида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмаётган барча умумтаълим мактабларида соғломлаштириш майдончалари, болалар – ўсмирлар спорт мактабларида спорт секциялари, “Баркамол авлод” болалар марказларида қизиқишлар бўйича тўгараклар, болалар мусиқа ва санъат мактабларида мусиқа сабоқлари ва туман (шаҳар) ахборот-ресурс марказларида китобхонлик тадбирлари ташкил этилади.

Таълим муассасаларида ташкил этиладиган маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ўқувчилар ёшига мувофиқ қуйидаги тартибда жорий йилнинг 15 июнидан 15 августигача ҳафтанинг душанба - жума кунлари ўтказилиши керак:

1-6-синф ўқувчилари учун соат эрталабки 8:00дан — 12:00гача;

7-9-синф ўқувчилари учун соат — 17:00дан — 20:00гача.

Юқорида қайд этилган барча турдаги таълим муассасалари учун ёз мавсуми давомида ташкил этиладиган тадбирлар бўйича алоҳида-алоҳида намунавий кун тартиблари ва ҳафталик дастурлар ишлаб чиқилган. Шунингдек, таълим муассасаларида мавжуд радиоузеллар ва овоз кучайтиргич ускуналари орқали ҳар куни эрталаб 07:30 дан 08:00 гача чорлов мусиқаларининг янграб туриши белгиланган. Бунинг учун намунавий чорлов куйлари ва эрталабки гимнастика машқи учун мусиқалар рўйхати ҳам тайёрланган.

Таълим муассасаларида дастур доирасида намойиш этиладиган миллий ва жаҳон мультфильмлари, кинолар, компьютерларда ўйналадиган таълимий ва ривожлантирувчи ўйинлар рўйхатлари ҳам шакллантирилди. Бундан ташқари, болаларнинг ёзги таътилларини мазмунли ташкил этиш учун Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида “Ёз-2016” спорт мусобақаларини ўтказиш бўйича қўшма чора-тадбирлар дастури ҳам қабул қилинди. Унга кўра ўқувчилар ўртасида 10 та спорт тури бўйича мусобақалар икки босқичда: 15 июндан 15 июлга қадар туман босқичи, 1 августдан 15 августга қадар вилоят босқичи ўтказилади. Мазкур мусобақалар 1-4-синфлар ўртасида 4 та (стол тенниси, енгил атлетика, сузиш, бадиий гимнастика) ҳамда 5-8-синф ўқувчилари ўртасида 10 та (баскетбол, волейбол, гандбол, футбол, сузиш, стол тенниси, бадиий гимнастика, енгил атлетика, бадминтон, шахмат) спорт турлари бўйича ўтказилади.

Умуман вазирлик томонидан қабул қилинган комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида ёзги таътил даврида 3 млн.дан ортиқ ўқувчиларни маданий тадбирлар ва спорт мусобақаларига қамраб олиш имконияти яратилади.

Қайд этилган барча материаллар Халқ таълими вазирлигининг интернет тармоғидаги www.uzedu.uz расмий веб-саҳифасига “Ёз – 2016” рукни остида жойлаштирилган бўлиб, хоҳлаган фойдаланувчилар уни ўзларига юклаб олишлари мумкин.

Ўқувчиларнинг оромгоҳларда дам олишлари, бўш вақтини мазмунли ва тўғри ташкил этилиши юзасидан тизимли назорат ва мониторинг олиб бориш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳри ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари ҳузурида мувофиқлаштирувчи гуруҳлар ташкил этилди. Ушбу гуруҳ зиммасига ёзги мавсум учун мўлжалланган барча тадбирларни муайян мақсадга йўналтириш, жараёнга масъул бўлган туман (шаҳар) ХТМФМТТЭБ ва таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш, оромгоҳда амалга оширилаётган ишларни таҳлилий ўрганиш, йўл қўйилаётган камчилик-нуқсонларни бартараф этиш вазифалари юклатилади.

Чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш орқали қуйидаги натижаларга эришиш кўзда тутилган:

— ўқувчиларнинг дам олиши ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этишнинг янгича тизимини яратиш;

— ёзги таътил даврида 3 млн.дан ортиқ ўқувчини турли йўналишдаги маданий тадбирлар ва спорт мусобақаларига қамраб олиш;

— ўқувчиларни “оммавий мада¬ният”нинг турли кўринишларидан ҳимоя қилиб, уларда мафкуравий иммунитетни янада мустаҳкамлаш;
— болаларнинг ёзги таътил даврини мазмунли ташкил этиш жараёнидаги илғор тажрибаларни оммалаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратиш.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Жорий йилда ихтисослаштирилган оромгоҳлар фаолиятини йўлга қўйиш мўлжалланмоқда. Бунда асосан, техник ижодкорлик, бадиий ижодиёт, экологик, ижтимоий мослаштирув оромгоҳини ташкил этиш кўзда тутилади. Нима учун? Чунки бир боланинг қизиқиши иккинчи тенгқуринкига ўхшамайди. Болага ёзги соғломлаштириш жараёнида индивидуал тарзда ёндашиш унда маънавий рағбат уйғотади, аввалдан шаклланган қизиқишларини ривожлантириш имконини беради. Яна бир жиҳат — ҳар бир оромгоҳда болалар учун соғ¬ломлаштириш ва чинқтириш хусусиятига эга бўлган жисмоний машқлар, спорт мусобақаларининг ташкил этилиши бўш вақтнинг мазмунли ўтишини таъминлайди. Бадиий ижодиёт йўналишидаги тўгаракларда халқ амалий безак санъати, дизайнерлик ва бадиий нафосатни ривожлантиришга хизмат қилувчи тадбирлар, табиатшунослик ва экология йўналишидаги амалий машғулотларда табиатни муҳофаза қилиш, жонли табиат билан дўстлашишга ундайдиган тадбирлар ташкил этилади. Шунингдек, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари учун маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ҳам ўтказилади.

Ўқувчиларнинг ёзги соғломлаштириш даври қисқа, 10—15 июндан август ойининг иккинчи ярмига қадар давом этади. Аммо ана шу қисқа муддат ичида болани жисмонан, руҳан ва маънавий жиҳатдан ривожлантириш, уни ёт таҳдидлардан асраш, ҳадемай бошланадиган янги, 2016—2017 ўқув йилига аъло кайфиятда кириб боришини таъминлаш, юқорида таъкидлаганимиздек, кенг жамоатчилик, айниқса педагог-мураббийлар, тарбиячилардан юксак масъулият, ташаббускорлик, ташкилотчилик талаб этади. Шундай экан, эртамиз эгаларининг ёзги дам олиш мавсумини ҳар томонлама намунали ташкил этиб, уларнинг кўнгил¬дагидек ҳордиқ чиқариши учун шароит яратиб беришга эътибор билан қарашимиз лозим.

Х.Даминов
Халқ таълими вазирлиги
бошқарма бошлиғи

 

08.06.2016 00:00:00