Жорий йилнинг 28 июль куни Халқ таълими вазирлигида навбатдаги ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Халқ таълими вазирлиги мутасадди раҳбар ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоят ҳалқ таълими бошқармалари бошлиқлари, педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтлари ректорлари, вазирлик тизимидаги республика ташкилот раҳбарлари, туман (шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари мудирлари иштирок этдилар.

Ҳайъат йиғилишида халқ таълими тизимида 2015 йилнинг биринчи ярми давомида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, навбатдаги вазифалар белгилаб олинди. Таълим муассасаларини янги 2015-2016 ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёрлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги ҳамда комплекс параметрлар асосида таълим сифатини баҳолаш натижалари ҳамда ҳудудий халқ таълими бошқарув органларининг рейтинги муҳокама қилинди.

Тадбирда сўз олганлар  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2015 йилда умумтаълим мактабларининг 3-синфлари учун чет тилларидан дарслик мажмуалари яратилиб, 120 та мактабда 240 нафар ўқитувчи ва 2,5 минг ўқувчилар иштирокида тажриба-синовдан ўтказилди, тажриба-синов натижалари ва халқаро мутахассислар хулосалари асосида такомиллаштирилиб, 2015-2016 ўқув йили учун чет тилларидан 1-синф ўқувчиларига 641 365 нусха чет тили дарсликлари,  2-синф ўқувчиларига 591 860 нусха машқ дафтарлари, 3-синф ўқувчиларига 1 185 998 нусха дарсликлар ва машқ дафтарлари ҳамда 1-,3-,7-синф чет тили ўқитувчилар учун жами 62 632 нусха методик қўлланмалар нашр қилиниб, мультимедиа иловалари билан жойларга етказилиши ҳақида  батафсил маълумот бериб ўтдилар.

Йиғилишда таълим сифатининг мониторинги ва билимлар беллашуви натижаларига кўра таълим сифати нисбатан юқори деб топилган мактаблар негизида уларнинг фаолиятини ўрганиш, оммалаштириш мақсадида таълим сифатини оширишга қаратилган амалий семинарлар ўтказиш ҳамда “Методист мактаби” ва “Маҳорат мактаби” фаолиятини самарали ташкил этиш вазифаси юклатилди.

Йиғилиш иштирокчиларига давлатимиз мустақиллигининг 24 йиллик байрамига муносиб тайёргарлик кўриш, ҳар бир таълим муассасасида ободонлаштириш ишларини ўз вақтида сифатли ташкил этиш, янги ўқув йили бошлангунга қадар бўш ўринларга салоҳиятли педагог кадрларни жалб қилиш, қурилиш-тиклаш ишларини ўз вақтида якунлаш  вазифаси юклатилди.

Йиғилиш якунида эришилган ютуқлар эътироф этилиши баробарида камчиликлар ҳам атрофлича муҳокама этилиб, уларни бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди. Кўрилган барча масалаларни  ҳал қилишга қаратилган ҳайъат қарори қабул қилинди.

Ҳайъат йиғилишига Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири У. Иноятов раислик қилди.

 

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

 

29.07.2015 00:00:00