Наманган шаҳрида “Глобаллашув шароитида ёшларнинг медиа саводхонлигини ошириш” мавзуидаги Республика илмий-амалий семинари ўз ишини бошлади.

Бугунги кунда бутун дунё миқёсида тараққиёт жараёнлари шиддат билан кечмоқда. Ана шундай бир пайтда, табиийки,  юртимизнинг юксалиш йўлидаги одимлари ва равнақини ҳам глобаллашув жараёнларидан айро тасаввур қилиш мумкин эмас. Чунки бугунги давр ўз номи билан тараққиёт замони, ахборот ва коммуникация технологиялари замонидир.
    
Юксалиш ва тараққиёт йўлидан дадил одимлаб бораётган мустақил мамлакатимизнинг иқболи ва истиқболи ёш авлодга берилаётган таълим-тарбия сифати ва самарадорлигига боғлиқ.
    
Шунинг учун ҳам юртимизда келажагимиз эгаларининг ҳар жиҳатдан етук, билимли ва интеллектуал салоҳиятли инсонлар бўлиб камол топишларига юксак эътибор қаратилиб, қулай имконият ва шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.
    
Барча соҳалар қатори таълим тизимидаги ислоҳотлар ва янгиланишларни ҳам ахборот коммуникация технологияларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу нуқтаи назардан бугун юртимизда таълим-тарбия жараёнларига ахборот коммуникация технологиялари тезкорлик билан жорий этилмоқда.  Демакки, фарзандларимизнинг сабоқларни мукаммал ўзлаштиришлари, чуқур билимли ва интеллектуал салоҳиятли авлод сифатида камол топишлари уларнинг ахборот коммуникация технологияларидан фойдалана билишлари, бир сўз билан айтганда медиа саводхонлигига боғлиқ.
    
Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ҳам мазкур масалага алоҳида эътибор қаратилган. Зотан, бугунги глобаллашув жараёнларида ўғил-қизларимизнинг камоли, орзу-интилишлари, қизиқишлари ахборот замони ва макони билан уйғун равишда ахборот коммуникация технологиялари билан ҳамнафас кечаётган экан, уларни медиа оламдан тўғри, оқилона ва самарали фойдаланишлари, зарарли ахборотлар ва ғояларнинг уларнинг дунёқараши  ва тарбиясига таъсир этмаслиги муҳим.
    
Президентимизнинг мазкур қарори ҳамда “Ўзбекистон Республикасида 2015 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури”да белгиланган вазифалар асосидаги Республика илмий-амалий семинар ана шундай долзарб масалаларни қамраб олди.
    
Республика Халқ таълими вазириги томонидан “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий Кенгаши, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Республика Маънавият тарғибот маркази, Миллий ғоя ва мафкура илмий амалий маркази, Наманган вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган семинарда барча ҳамкор ташкилотлар тизимларидаги муассасалар раҳбар-мутасаддилари, вакиллари, мамлакатимизнинг барча вилоятларида фаолият олиб бораётган педагоглар, устоз-мураббийлар, соҳага дахлдор муассасалар вакиллари иштирок этмоқдалар.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Наманган Ёшлар марказида бошланган тадбир аввалида сўз олган Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Б. Юсупов, Халқ таълими вазирининг ўринбосари Д.Кенжаев мамлакатимизда ёш авлод ҳаёти ва камолига бўлган эътибор, уларнинг етук маънавиятли, билимли ва интеллектуал салоҳиятли улғайишлари йўлида кўрсатилаётган ғамхўрликлар, фарзандларимизни ёт ғоялар, ахборот хуружлари ва паст савияли “оммавий маданият”нинг салбий таъсиридан асраш борасидаги саъй-ҳаракатларга тўхталиб ўтдилар.

Глобаллашув жараёнларида интернет кириб бормаган, медиа олам билан чамбарчас боғлиқ бўлмаган соҳанинг ўзи йўқ. Жумладан, ўғил-қизларимизнинг таълим-тарбияси,  етук камоли ҳам ахборот воситалари, коммуникация технологиялари, хусусан, интернет билан уйғун. Ҳамма гап уларнинг ушбу воситалардан ва интернетдан қандай ва қай мақсадда фойдаланишларида.

Бу борада кутилган натижага эришиш учун ёшларимизнинг медиа саводхонлигини оширишни, уларда медиаиммунитетни шакллантиришни бугунги шиддаткор замон талаб этмоқда.
Икки кунлик тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳам айнан шунга қаратилган бўлиб, жараёнлар  ўқувчиларда медиа саводхонлик кўникмаларини шакллантириш, уларни медиавоситалардан тақдим этилаётган ахборотдан тўғри фойдаланишга ўргатиш, ёшларда миллий менталитетимизга ёт бўлган хуружлардан ҳимояланиш иммунитетини шакллантириш, узлуксиз таълимнинг барча босқичларида медиатаълим воситаларидан самарали фойдаланиш асосида таълим сифати ва самарадорлигига эришишни қамраб олган.

Намойиш этилган видеоролик, маърузалар ва мунозаралар, фикр-мулоҳазалар алмашиш жараёнида ёш авлод таълим-тарбияси ва камолига дахлдор соҳалар вакиллари, устоз-муаллимлар бу борадаги билим-кўникма ва малакаларини оширишга эришмоқдалар.

“ХХI аср – ахборот технологиялари асри”, “Медиа саводхонлик бўйича амалга оширилаётган ишлар”, “Янги адабиётлар намойиши”, “Медиатека бурчаги” каби кўплаб мавзуларни қамраб олган кўргазмалар эса ёшлар камоли, медиатаълим ва саводхонлик, ахборот хуружларига қарши маънавий етуклик билан курашиш борасидаги билим ва тасаввурлар янада бойишига хизмат қилмоқда.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Семинарнинг дастлабки куни ялпи мажлис жараёнида иштирокчиларга “Халқ таълими тизимида медиа таълимни ташкил этиш ва ривожлантириш”, “Глобаллашув шароитида ёшларни ахборот хуружларидан асраш”, “Мактаб ўқувчиларида медиаиммунитетни шакллантириш”, “Маънавий таҳдидларга қарши курашишда ёшларда интернет маданиятини ривожлантириш”, “Ўрта махсус касб-ҳунар таълими тизими таълим олувчиларида медиакомпетентликни шакллантириш”, “Илмий-педагогик ва ўқув-методик нашрларда ахборот таҳдидларини олдини олишнинг концептуал йўналишлари”, “Глобаллашув шароитида ўқувчилар медиамаданиятини ошириш” каби долзарб мавзулардаги маърузалар хавола этилади.

Тадбирнинг иккинчи куни шўъбаларга бўлинган ҳолда илмий-амалий, назарий машғулотлар, тренинглар, баҳс-мунозаралар билан давом этади.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

 

23.07.2015 00:00:00