Халқ таълими вазирлиги томонидан Сирдарё вилоятидаги мактабгача таълим муассасаларида болаларни қисқа муддатли мактаб таълимига тайёрлаш тажрибаси билан яқиндан таништириш мақсадида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун медиа-тур ташкил этилди.

Журналистлар Сирдарё вилояти Гулистон туманидаги “Лола” номли 12-сон ва “Қувонч” номли 21-сон мактабгача таълим муассасаларида болаларни қисқа муддатли мактаб таълимига тайёрлаш тажрибаси билан яқиндан таништирилди.

Таъкидлаш лозимки, мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг мантиқий фикрлаш ва эрта ёшдан ақлий салоҳиятини   ривожлантиришга хизмат қиладиган ўйинлар ва ўйинчоқлар, дидактик материаллар, кўргазмали қўлланмалар билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда вазирлик ҳузурида ташкил этилган махсус гуруҳ мактабгача таълим муассасалари кесимида тайёрлов гуруҳларининг ва улар учун харид қилиниши режалаштирилган ўйинчоқлар рўйхатини  шакллантирди. Шу билан бирга мактабгача таълимга жалб қилиш қамрови паст бўлган ҳудудларда уларни мактабга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда комплекс чора-тадбирлар режаси ҳам  ишлаб чиқилган. Мазкур режага кўра, ўтган йили жойларда  936 та қисқа муддатли гуруҳлар тузилиб, бошланғич синфларга бориши мумкин бўлган болалар махсус дастур асосида  мактабга тайёрланди.
Қолаверса, жойларда мактабгача тарбия муассасаларига муқобил гуруҳлар, яъни “Саводхонлик” марказлари, қўшимча таълим, мактаб қошида қисқа муддатли тўгараклар ташкил этиш мақбул чоралардан биридир. Болаларни мактабга тўлиқ жалб этишда  “Болажон” дастури ҳам  кенг имкониятларни ўзида мужассам этганлиги билан алоҳида эътиборга моликдир. Ўтган ўқув йилида болаларни мактабга тўлиқ жалб этиш борасидаги барча тадбирлар  ижобий самара берди.  
2015-2016-ўқув йилида 2 сентябридан очиладиган 1220 қисқа муддатли гуруҳлар учун Билимдон дастури ишлаб чикилди ва экспертизадан ўтказилиб, тасдиқланди  Шу билан бир каторда МТМнинг 921 тасида қисқа муддатли  гурух  тарбиячилар  учун Билимдон дастури асосида махсус ўқув семинарлар ташкил этилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, мактабгача таълим муассасаларида таълим-тарбия олиб, умумтаълим мактабларининг бошланғич синфларига келган болалар оиладан келган тенгдошларига нисбатан хулқлари 58,6%га, ақлий ва ижодий қобилиятлари 65,5%га, мулоқотга киришиш лаёқатлари 34,5%га ва саводхонлиги 35,6%га юқори баҳоланган.

Бугунги кунда болаларни мактаб таълимига сифатли тайёрлаш самарадорлигини ошириш мақсадида, мактабгача таълим муассасаларида турли (муқобил) тайёрлов гуруҳларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳозирги кунда Республикадаги мактабгача таълим муассасалари қошида 1775 та та қисқа муддатли гуруҳлар 42608 нафар бола, 3188 та мактаблар қошидаги саводхонлик гуруҳлари фаолият юритмоқда. Жами 69877 нафар бола бундай гуруҳларга жалб қилинган.

Шунингдек, 2015 йил сентябрь ойидан Республиканинг 13 та ҳудудида (Тошкент шаҳридан ташқари) мактабгача таълим муассасаларидаги бўш гуруҳлар ҳисобидан 1220 та қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этилиши режалаштирилган.

Мазкур гуруҳларда педагогика коллежи битирувчиларининг педагогик фаолият юритиши таъминланади.

Мактабгача таълим муассасаларида болалар қамровини
2 баробар кўтариш, мактабгача ёшдаги болаларни мактаб таълимига сифатли тайёрлаш мақсадида ота-оналарнинг бадал тўловлари ҳисобидан қисқа муддатли гуруҳлар фаолиятини кенгайтириш белгиланган.

Маълумот учун: 2015-2020 йилларда болаларни, айниқса, қишлоқ жойларда мактабга тайёрлашни яхшилашга йўналтирилган мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2015 йил 20 февралдаги 15-сонли баёнига кўра 2015 йилда 300 та мактабгача таьлим муассасалари капитал тамирланади.   

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

 

22.07.2015 00:00:00