Янги малака ошириш маркази

Унда болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ходимлари қайта тайёрланади

 

Маълумки, ўқувчи-ёшларимизнинг оламшумул ютуқларга эришишида яратилаётган замонавий шароитлар қаторида фидойи устоз ва мураббийларининг ҳам улуши беқиёс. Шу ўринда айтиш керакки, ёш спортчиларнинг натижасига бевосита жавобгар бўлган мураббийларимизнинг фаолиятини мазмунан бойитиш, янгилаш, замонавий технологияларни ўргатишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Ана шундай нозик масалалар кўндаланг турган бир пайтда, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ Халқ таълими вазирлиги ҳузурида Болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ташкил қилинди!

Мазкур марказ шу кунга қадар юртимизда на назарий, на амалий жиҳатдан бор эди. У амалга ошириши кўзда тутилган ишлар ва йўналишларга кўра, Ўзбекистон таълими тарихида биринчи бор ташкил қилинди. 

Айтиш жоизки, бу долзарб масала ҳақида 2014 йил 31 январда бўлиб ўтган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг мажлиси баёнида Президентимиз Ислом Каримов алоҳида тўхталиб ўтганди ҳамда бизга Болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказини ташкил қилиш вазифасини юклаганди.

Бунинг сабабини сал узоқдан бошлайман. БСРЖ ташкил этилганидан буён юртимизнинг барча ҳудудларида замонавий спорт объетктлари қурилиб фойдаланишга топширилди. Бугун ҳам ушбу эзгу ишлар давом этмоқда. Ёшларимиз мазкур замонавий спорт мажмуаларида шуғулланиб, жаҳон майдонларида ғалаба қозонаётганига кўп маротаба гувоҳ бўляпмиз. Булар, албатта, қувонарли воқеликлар. Аммо бутун дунё спорт билан жиддий тарзда шуғулланаётган, халқаро спорт майдонларидаги рақобат соат сайин ортиб бораётган, олимпия дастурига киритилган спорт турларига оид янгиликлар тез-тез жорий этилаётган дамда мураббийларнинг савиясини замон талабига мос равишда ошириш ниҳоятда муҳим саналади.

Шу боис тренер-ўқитувчиларимизнинг ёшларимизга спорт бўйича замонавий билимлар бера олиши, янгиликлардан ўз вақтида хабардор бўлиши ва бу борада билим ва кўникмасини шакллантириши ҳамда келгуси фаолиятида дастурил амал қилишида мазкур марказ ҳам танянч, ҳам суянч бўлади.

Республика болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари раҳбар кадрларини, инструктор-методистларини ҳамда тренер-ўқитувчилар таркибини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни замонавий даражага кўтариш вазифаси қўйилган. Шунингдек, халқаро миқёсда эътироф этилган методлардан фойдаланиб ўқитиш, нормативлар ҳамда ўқув-методик материалларни ишлаб чиқиш белгиланган.

Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари тренер-ўқитувчиларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жараёнига спортчилар тайёрлаш соҳасидаги мутахассисларнинг касбий билимларини такомиллаштириш ҳамда уларда иқтидорли ёш спортчиларни кашф этиш қобилиятини ривожлантиришга ҳам алоҳида урғу берилган. Жаҳон майдонларида она юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган профессионал спортчиларни тайёрлашга хизмат қиладиган мана шу омиллар ҳаётимизда ҳам ўз тасдиғини топмоғи зарур.

Республика болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари раҳбарлари, инструктор-методистлари ва тренер-ўқитувчилар таркибини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш параметрларини ҳар йили спорт турлари бўйича қайта тайёрлаш йўналишларига кўра белгиланган тартибда аниқланади. Бунда тингловчиларнинг малака ошириш курсларидан ҳар 5 йилда камида бир марта ўтиши даврийлигига риоя этилади.

Марказда ҳар ойда болалар ва ўсмирлар спорт мактаби раҳбари, инструктор-методистлари ва тренер-ўқитувчиларидан жами 400 нафари малака ошириши кўзда тутилган. Малака ошириш курсларини 144 соатлик ўқув дастурлари асосида олиб бориш режалаштирилмоқда.

Тошкент шаҳрида жойлашган Марказ бинолари мажмуаси таркибида ётоқхона ва ошхона, кутубхона, маданият ва маърифат хонаси ва бошқа бинолар мавжуд. Тингловичларга замонавий шароитларни яратиб бериш мақсадида иншоотлар босқичма-босқич реконструкция қилинади ҳамда зарур ўқув-лаборатория ҳамда спорт анжомлари, компьютер техникаси, мебеллар, спорт инвентарлари билан жиҳозланади. Уни замон талабларига мос капитал реконсрукция қилиш учун 2015 йилда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан
6 миллиард  сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши режалаштирилмоқда.

 

Республикамизда айни пайтда фаолият юритаётган 490та БЎСМда жами  11078 нафар ўқитувчи-мураббий ёшларга спортнинг 38 тури бўйича сабоқ бермоқда.

 

Исомиддин Пўлатов

Болалар спортини ривожлантириш

бошқармаси бошлиғи ўринбосари

02.03.2015 09:30:00